Эроннинг энг нуфузли шахсларидан бири бўлган генерал Қосим Сулаймонийнинг АҚШ ҳарбий операцияси натижасида ўлдирилиши жаҳон бўйлаб шов-шув кўтарди. Кимдир АҚШнинг ўзга давлат ҳудудида рухсатсиз ҳарбий ҳаракат олиб бориши ва яна бир давлатнинг арбоби йўқ қилинишини қоралаган бўлса, яна кимлардир бу ҳаракат кўпчиликка душман мақомини сақлаб турган Эронни жиловлашда муҳим қадам бўлганини олқишламоқда.
Сулаймонийни ўлдиришга шахсан топшириқ берган Дональд Трамп, у йўқ қилингандан кейин эронлик генерал жаҳоннинг биринчи рақамли террорчиси бўлгани ва Яқин Шарқ ҳудудида ҳалок бўлган миллионлаб кишилар ўлимига жавобгар эканлиги, бундан кейин ҳам янги терактлар ўтказишга тайёргарлик кўргани ҳақида айтиб ўтди.
Қуйида АҚШнинг бевосита ёки билвосита аралашуви билан жисмонан йўқ қилинган 5 шахс келтирилади.
- Қизиқ факт: ўз мустақиллигини қўлга киритгандан буён АҚШ ҳарбий ҳаракатлар олиб бормаган бирор йил бўлмаган. Лекин шунга қарамай беқиёс ҳарбий қудратга эга бу давлат бор-йўғи 11 марта расман уруш эълон қилган.

Саддам Ҳусайн

Саддам Ҳусайнни кўпчилик ёқтирмасди. Ўз халқини узлуксиз қийноқда тутгани, ҳокимиятнинг барча тизгинини ўзида сақлагани, намойишларни аёвсиз бостиргани, ўғилларининг бебошликлари ва энг муҳими – Эрон билан тинкани қуритган уруш олиб боргани кўпчиликда бу арбобга нисбатан нафрат шакллантирганди. АҚШ 1990 йилда ҳам Кувайтни ҳимоя қилиш мақсадида Ироқни бомбардимон қилганди. 2003 йилда бошланган навбатдаги уруш натижасида эса Саддам Ҳусайн тахтдан ағдарилди ва қочиб қолди. Аммо кўп ўтмай ироқлик собиқ диктатор АҚШ аскарлари томонидан ушланди ва 2006 йилда Ироқ олий суди ҳукми билан қатл қилинди. Бу суд кимнинг таъсири остида ҳукм чиқаргани бўйича баҳслар ҳануз давом этади.
Усама бин Лодин



















