Жамият | 18:45 / 06.01.2020
14787
3 дақиқада ўқилади

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Фарғонадаги носоз аттракцион бўйича расмий изоҳ берди

Жорий йилнинг 2 январь куни Фарғонадаги «Аль-Фарғоний» миллий боғида бахтсиз ҳодиса туфайли бир аёл вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси масъул ходимлари воқеа жойига бориб ўрганишлар олиб боришди ва бу бўйича расмий маълумот тақдим этилди.

«Фарғона шаҳар, Мураббийлар кўчаси, 26-уйда жойлашган «Ал-Фарғоний» маданият ва истироҳат боғи ҳудудида ЯТТ «Юсупова Дилдора»га тегишли бўлган «12 Exclaimed Barking» номли аттракцион қурилмасида 2020 йил 2 январь куни соат 16:45да бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Унинг оқибатида Тошлоқ тумани, «Арабмозор» МФЙ, Арабмозор кўчаси 13-уйда яшовчи, 1987 йилда туғилган Юсупова Наргиза Набиевна бош қисмидан жароҳат олган ва олинган жароҳатлар натижасида шифохонада вафот этган.

Воқеа жойидаги дастлабки суриштирувлардан қуйидагилар аниқланди:

«12 Exclaimed Barking» номли аттракцион қурилмаси 2019 йилда Хитой Халқ Республикасидан келтирилирилган ва 15 декабрь куни хитойлик мутахассислар томонидан монтаж қилинган. Аттракцион қурилмаси 2019 йилнинг 27 декабрь куни аттракцион эгаси (тадбиркор) ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Фарғона ҳудудий бошқармаси давлат инспекторлари иштирокида дастлабки синовлардан ўтказилган. Синов давомида барча жараёнлар видеотасвирга олинган, амалдаги қоидалар талаблари тўлиқ бажарилмагани аниқланган ва камчиликлар тушунтириб ўтилган.

Кўрсатиб ўтилган талаблар бажарилгандан сўнг ва барча ҳужжатлар тақдим этилиб, ёзма мурожаат этиш талаб қилинган. Айтилган кўрсатмаларга қарамасдан, аттракцион қурилмаси байрам кунлари ўзбошимчалик билан ишга туширилган. Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

 Ўзбекистон Республикаси ҳудудларидаги маданият ва истироҳат боғлари ҳамда бошқа дам олиш масканларидаги аттракционлардан хавфсиз фойдаланишни ташкил этиш бўйича 2019-2020 йиллар учун чора-тадбирлар режаси асосида январь ва февраль ойларида Республикада жойлашган барча аттракционлар кўрикдан ўтказилади ҳамда талабга жавоб бермайдиган аттракционлар тўхтатилади.

Қўшимча қилинишича, аттракционлар фаолияти учун мавсумийлик фактори жуда муҳим. Ҳар бир аттракцион паспортида фойдаланиш учун меъёрий ҳарорат ва шамол тезлиги диапазонлари бўлади ва унга амал қилиниши шарт. Бунда термометр ва анемометр ўрнатиш тавсия этилади. Ташқи муҳитнинг ноқулай об-ҳаво шароитида (ёмғир, қор, шамол, бўрон, туман) аттракционлардан фойдаланиш (павильондан ташқари) тақиқланади», дейилади қўмита маълумотномасида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид