Ўзбекистон | 09:44 / 09.01.2020
9395
3 дақиқада ўқилади

МТТда болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови ундирилмайдиган касалликлар рўйхати тасдиқланади

Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Муҳокама учун эълон қилинган ҳужжат лойиҳасига кўра, Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 10-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

“Мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаб-интернатларида болаларни сақлаш учун тўловлар тижорат банклари орқали нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда (банк пластик карточкалари орқали, пул ўтказиш ва электрон тўлов йўли билан) тўланади. Бунда тўловнинг амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси мактабгача таълим ташкилоти ёки мактаб-интернатига тақдим этилади, электрон тўлов бундан мустасно.

Электрон тўлов орқали тўлов амалга оширилганда туман мактабгача таълим бўлимининг марказлашган молия-бухгалтерия хизматига ёки мактабгача таълим ташкилоти ва мактаб-интернати раҳбарига тўлов амалга оширилганлиги тўғрисида хабар берилади.

Тўлов амалга оширилганда тўлов ҳужжатида тарбияланувчининг исми шарифи тўлиқ кўрсатилиши лозим.”

12-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

“Мактабгача таълим ташкилотида бола таъминоти учун тўловнинг бир кунлик қиймати бир ойлик тўлов миқдорини шу ой мобайнидаги иш кунлари сонига (ташкилот ҳақиқатда ишлаган кунлари сонига) бўлиш орқали аниқланади.”
 
Низомга илова эса қуйидаги таҳрирда баён қилинади:
 
“Мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови ундирилмайдиган болаларнинг жисмоний ёки психик ривожланишидаги нуқсонлари рўйхати
 
1. Нутқидаги оғир нуқсонлар (ринолалия, дудуқлик, болалар афазияси).

2. Эшитишдаги оғир нуқсонлар (II – IV даражали нейросенсор эшитиш пастлиги ва карлик).

3. Кўришдаги оғир нуқсонлар (кўзи ожизлик (амовроз); туғма нуқсонлар (микрофтальм, микрокорнеа, анофтальм, томир қатлами ва тўр парданинг ривожланишидаги туғма нуқсонлар; кўриш нервининг атрофияси, кўриш нерви диск ва макуласининг оғир даражадаги гипоплазияси, альбинизм, аниридия кўриш ўткирлиги 0,4гача); катаракта (марказий зонада тўлиқ ёки қисман хиралашиш, кўриш ўткирлиги 0,4гача), афакия (кўз гавҳари йўқлиги, кўриш ўткирлиги 0,4гача), кўз гавҳари силжиши (жой ўзгариши); глаукома (туғма, иккиламчи); тўр парданинг кўчиши).

4. Таянч-ҳаракат аппарати бузилиши (III ва IV даражали сколиоз; кўкрак қафасининг III ва IV даражали гидросимон ёки қилсимон деформацияси; артрогрипоз; болалар церебрал фалажи ва бошқа неврологик патологиялар оқибатида ортопедик деформациялари; остеомиелит асоратлари; туғма маймоқлиқ (жарроҳлик муолажасидан кейинги ҳолат); ортопедик систем касалликлари (ахондроплазия, дисхондроплазия, хондродистрофия); туғма сон суяк чиқиши (оператив даволашдан кейинги ҳолат).

5. Психик ривожланишдаги нуқсонлар (психик ривожланишда кечикиш, психик-нутқий ривожланишда кечикиш, болалар аутизми).

6. Ақлий ривожланишидаги нуқсонлар (енгил ва ўрта даражадаги ақлий заифлик).

7. Мураккаб нуқсонлар (ривожланишда икки ва ундан ортиқ нуқсонлар мавжудлиги).

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид