Жамият | 18:21 / 09.01.2020
67494
3 дақиқада ўқилади

Оҳангаронда «Қўқон-Тошкент» йўналишида қатнаган ҳайдовчининг мурдаси топилди. Жиноятни фош этиш чоралари кўрилмоқда 

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ижтимоий тармоқларда “Қўқон-Тошкент” йўналиши бўйлаб қатновчи ҳайдовчи йўқолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура ушбу ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, 2020 йил 6 январь куни Фарғона вилояти, Данғара тумани, Тошкент кўчасида яшовчи Б.Д. Оҳангарон туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, унда 1962 йилда туғилган турмуш ўртоғи К.Й. 2020 йил 5 январь куни соат 15:00ларда ишончнома асосида бошқарувида бўлган, оқ рангли “Кобальт” русумли автомашинада “Қўқон-Тошкент” йўналиши бўйлаб кира қилиш мақсадида уйидан чиқиб кетганлигини маълум қилиб, уни топишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Терговга қадар текширув давомида, бедарак йўқолган К.Й. 2020 йил 5 январь куни соат 23:00ларда Тошкент шаҳар, Бектемир туманида жойлашган “Водий” автобекатидан Фарғона вилояти, Данғара туманига кетиш учун ўзининг бошқарувидаги автомашинада йўлга чиқиб, шу куни соат 23:52да қизи У.П. билан ўзининг уяли телефони орқали гаплашганида, “Оҳангарон”дан Бешариқ туманига йўловчи олиб қайтаётганлигини маълум қилганлиги, шундан кейин унинг телефони ўчирилиб, уйига етиб бормаганлиги аниқланган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 2020 йил 7 январь куни соат 18:00ларда бедарак йўқолган К.Й.нинг бошқарувидаги “Кобальт” русумли автомашина Оҳангарон шаҳар, Янгиобод маҳалласи, Алпомиш кўчасидаги уйнинг олдидаги кўчада турганлиги аниқланган.  

Ҳодиса жойи ва автомашина кўздан кечирилиб, автомашина салони ва юкхонасидан қонга ўхшаш қизғиш доғлардан намуналар ва ўриндиқ жилдлари ашёвий далил тариқасида олинган.

Ушбу ҳолат юзасидан 2020 йил 7 январь куни Оҳангарон шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “и” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Жиноят иши юзасидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари жараёнида, К.Й.нинг мурдаси 2020 йил 8 январь куни унинг автомашинаси топилган жойидан 18 км.да узоқликда, яъни Оҳангарон тумани, Телов маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи “Ангрен” дарёси устидан ўтувчи “Нуробод-Телов” автомобиль йўлидаги кўприкдан ўнг томонга, дарё ўзани чап томони бўйлаб 1,2 км. ичкарида, чакалакзорлар орасида баданининг олди тарафида 7 маротаба ҳамда орқа томонида 7 маротаба ўткир тиғли жисм билан етказилган тан жароҳатлари билан топилган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, К.Й.нинг ўлими қўшма жароҳат: бош мия ёпиқ жароҳати, кўкрак олд-орқа ва ёнбош, қорин соҳаларида кўплаб санчилиб кесилган жароҳатлари оқибатида келиб чиққан ташқи ва ички қон кетиши натижасида юзага келганлиги кўрсатилган.

Ҳозирда жиноятни фош этиш чоралари кўрилмоқда, дейилади Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими маълумотида.

Мавзуга оид