11 январь куни Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун жаримага тортилган ЙПХ катта инспектори Насибали Ярматов маст ҳолда бўлгани ҳақидаги гумонлар тасдиқланмади.

Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББдан маълум қилишларича, шу куннинг ўзида вилоят наркология диспансерида ўтказилган тиббий текширув натижасида ходимнинг ҳушёр ҳолда экани аниқланган.

Бош бошқарма аввалроқ вилоят ИИБ томонидан берилган ахборотни тасдиқлаб, баъзи қўшимча маълумотларни келтириб ўтди.

«11 январь куни Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХ бошқармаси ЙПХ батальони 2-ЙПХ отряди 2-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ катта инспектори, катта сержант Н.Ярматов соат тахминан 14:20ларда Чироқчи туманидаги «Микрокредитбанк» рўпарасида ўрнатилган 3.27 йўл белгиси талабларига амал қилмасдан тўхтаб турган «Лабо» русумли (давлат рақами 70 J 787 OA) автомобиль ҳайдовчиси Шоҳрух Нуримовдан ҳужжатларни тақдим этишни сўраган.

Ҳайдовчи автомобилни тегишли ҳужжатларсиз бошқариб юрганини маълум қилган. Ходим ушбу қоидабузарлик бўйича ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирган ва транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдончасига қўйилган.

Ушбу автомобилни жарима майдонига олиб кетиш вақтида инспекторнинг «Спарк» русумли (давлат рақами 70 G 878 OA) шахсий автомобили мажбурий тўхташ чироқлари ёқилган ҳолда «Микрокредитбанк» рўпарасида ўрнатилган 3.27 йўл белгиси таъсир доирасида қолган.

Ҳайдовчи Ш.Нуримов қоидабузарлиги учун жазоланганидан жаҳлланиб, Мустақиллик кўчасига қайтиб келган ва инспекторнинг автомобилини кўриб, унга чора кўриш керак, деб тўпланган оломонга мурожаат қилган ва ходим шаънига ҳар хил туҳмат гаплар ёғдирган.

Чироқчи тумани ИИО ФМБ ЙҲҲБ бошлиғи капитан Ф.Янгибоев катта сержант Н.Ярматовга «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 92-банди талабларини бузгани учун маъмурий баённома расмийлаштирган.