Икки ярим йиллик ҳамкорликдан сўнг «Барселона» Эрнесто Вальвердени истеъфога чиқарди ва унинг ўрнига ўтган мавсумда «Бетис»ни бошқарган Кике Сетьенни тайинлади. Қуйида ушбу воқеага атрофлича тўхталиб ўтамиз.

Истеъфога зарурат бормиди?

«Барселона»да инқироз борми ўзи? Жамоа Вальверде бошчилигидаги ҳар иккала мавсумда ҳам таъқибчисидан икки рақамли сонли устунлик билан чемпионликка эришди. Истеъфо куни билан қараганда ҳам, «Барселона» турнир жадвалида пешқадамлик қилиб турибди. Аммо бошқа тарафдан қараганда, Вальверде тўплаган очколар «Барселона» учун катта натижа эмас – охирги икки мавсумдаги 93 ва 87 очко жамоа режими учун оддий ҳол. Гвардиола келганидан буёғига, яъни сўнгги ўн йилда «Барселона» атиги бир марта 90дан кам очко тўплаган, холос. Ўшанда каталонияликлар чемпионликни «Атлетико»га бериб қўйишган эди.

Айтмоқчиманки, «Барселона»нинг сўнгги икки йилдаги чемпионлиги яна бир омилга – «Реал»нинг кичик инқирозига ҳам боғлиқ. Мадридликлар шу икки йилда ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди, чемпионлик пойгасидан жуда эрта чиқди ва ҳатто 2-ўринни ололмади ҳам. Сўнгги йилларда испан футболи кучайиб, ўртамиёна жамоалар ҳам грандларга қаршилик кўрсата бошлагани ҳақидаги гаплар чўпчак, буни Англияда «Ливерпуль» исботламоқда. Яъни, агар топ-клублар ўз муаммоларини ҳал қилган ҳолда, барқарор ва ростданам кучли ўйин кўрсата бошласа, дунёдаги энг рақобатбардош лигалар ҳам тиз чўкади –Вальверде «Барселона»ни шундай машинага айлантира олмади. Гўёки, «Барселона» узоқ давом этадиган турнирда таркибдаги юлдузларнинг маҳорати ва маълум даражадан тушмаслиги ёрдамида ғалаба қозонадиган, лекин энг муҳим ва керакли пайтда кураша олмайдиган «ПСЖ»ни эслатиб юбора бошлади.

«Рома» ва «Ливерпуль»дан аламли мағлубиятлар, Испания Кубогидаги «Валенсия» ва мана ниҳоят, Суперкубокда «Атлетико» ҳам ғалабани илиб кетди. Бу йўсинда, навбатдаги топ учрашувда ҳам «Барселона» йўқолиб қолиши ва Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам бу чемпионликларнинг қадри оз эди ва Вальвердени «Камп Ноу»да олиб қолиш учун асос бўлолмади. 

Кике Сетьен ким?

Кике Сетьен 1958 йилда туғилган. 1977 йилда Испания футболида яримҳимоячи сифатида дебют қилган Кике ўз фаолиятини асосан «Расинг» жамоасида ўтказган. Орада бироз танаффус билан у сантандерликлар сафида 400га яқин учрашувда майдонга тушган. Шунингдек, Мадриднинг «Атлетико»си сафида ҳам 73 ўйинда майдонга тушиб, 7та гол урган. Ўша вақтларда Испания терма жамоасига ҳам жалб қилинган.