Жаҳон | 14:56 / 16.01.2020
33225
8 дақиқада ўқилади

Импичмент иши Сенатга юборилди. Демократларда Трампга қарши янги далиллар бор

АҚШ Конгресси президентнинг импичментига оид ишни Сенатга йўналтириш учун овоз берди. Бу Дональд Трамп ўз лавозимида қолиш-қолмаслиги ҳал қилинадиган жараённи бошлаб берди. Сенатдаги эшитувлар кейинги ҳафтадаёқ бошланиши кутилмоқда.

Жеррольд Надлер, Пелоси ва Шифф Трампнинг «жиноятлари» ҳақида гапиришмоқда

Айблов моддаларини Сенатга юбориш Вакиллар палатаси Қўшма Штатлар президентига импичмент эълон қилганидан қарийб бир ой вақт ўтиб амалга ошмоқда.

Расмий айбловларнинг тасдиқланиши давлат раҳбари лавозимини тарк этишини англатмайди - қарорни Сенат қабул қилади.

Чоршанба куни ўтказилган ишни Сенатга ошириш бўйича овоз бериш жараёнида кутилган натижа қайд этилди: қарорни Миннесотадан бўлган конгрессмен Коллин Питерсондан ташқари барча демократлар қўллаб-қувватлашди, барча республикачилар қарши чиқишди - 228 конгрессмен қарорни қўллаб-қувватлаган бўлса, 193 нафари қарши овоз берган.

Овоз бериш жараёни бошланишидан аввал Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Сенатдаги эшитув вақтида айбловчилар вакиллари сифатида қатнашадиган «менежерлар»ни тайинлади.

Бу гуруҳни Конгресснинг разведка бўйича қўмитаси раҳбари Адам Шифф бошқаради. Гуруҳ аъзолари таркибидан юридик қўмита раҳбари Жеррольд Надлер, шунингдек, конгрессменлар Зои Лофгрен, Ҳаким Жеффрис, Вэл Демингс, Жейсон Кроу ва Сильвия Гарсиа ҳам ўрин олишган.

Сенатдаги эшитув қачон бошланади?

Бугун Вакиллар палатаси вакиллари спикер Нэнси Пелоси билан импичмент моддалари матнининг сўнгги таҳририни тасдиқлаш бўйича учрашув ўтказади.

АҚШ президенти ўз мансабини суиистеъмол қилиш ва Конгресс ишига халақит беришда айбдор деб топилган.

Кейин эса айблов моддалари расман Сенатда тақдим этилади. Шу билан бир вақтда сенаторлар АҚШ президентига қарши айбловларни «холисона» кўриб чиқишга қасамёд қилишади. Жараён Олий суд раиси Жон Робертс томонидан бошқариб борилади.

Сенатда кўпчиликни ташкил қилувчи республикачилар вакили бўлмиш Митч Макконнеллнинг фикрича, мажлис кейинги ҳафта, 21 январь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Чоршанба куни Дональд Трамп яна бир марта Вакиллар палатасидаги овоз бериш натижаларини «бемаънилик» деб атади ва Конгрессдаги республикачиларни ўзини ҳимоя қилишга чақирди.

Оқ уйда АҚШ ва Хитой савдо низоларини ҳал қилишнинг биринчи босқичи тўғрисида битим имзолаш вақтида журналистлар саволларига жавоб бера туриб, АҚШ президенти республикачи конгрессменларга юзланди ва уларни Капитолий тепалигига қайтишга чақирди.

«Мен сизлар бу ерда ўтирмасдан, у ерда овоз беришда қатнашишингизни афзал кўраман. У ерда аҳмоқона иш бўлмоқда, келинг, шулар билан шуғулланайлик», деди Дональд Трамп.

Янги далиллар

Вакиллар палатаси Трампнинг импичменти бўйича декабрь ойида овоз берганди. Президентни лавозимидан четлатиш учун сенаторларнинг учдан икки қисми овоз бериши керак. Деярли барча таҳлилчиларнинг фикрича, Сенатда республикачилар сон жиҳатдан устунлик  қилгани туфайли Трампнинг импичменти эҳтимоли жуда паст. Вакиллар палатасидаги овоз бериш жараёнларида бирорта республикачи импичментни ёқлаб овоз бермаган. Айни вақтда импичментнинг ашаддий тарафдори бўлган демократлар ҳам Сенатда ғолиб чиқишга умид қилишмаяпти.

Вакиллар палатаси спикерининг сўзларига кўра, демократлар импичмент эълон қилинганидан кейинги ўтган бир ой давомидаги танаффус вақтида президентга қарши янги ҳужжатлар, у қонунларни бузганига янги гувоҳликларни тўплашган.

Нью-Йоркнинг собиқ мэри ва Трампнинг шахсий адвокати Руди Жулиани - AFP

«Вақт бизнинг фойдамизга ишлади, танаффусда президентни фош қилувчи қўшимча далиллар тўпладик», дея изоҳ берган Нэнси Пелоси.

Сенатга юбориладиган янги ҳужжатлар қаторида - президентнинг шахсий адвокати Рудольф Жулиани имзолаган мактуб нусхаси ҳам бўлиб, бу мактуб Оқ уй раҳбари ҳуқуқшуносининг ўзининг 2020 йилдаги президентлик сайловларидаги асосий рақиби бўлиши кутилаётган собиқ вице-президент Жо Байденга қарши компромат йиғишга уринаётганидан хабардорлигини тасдиқлайди, президент адвокати Украина раҳбари билан шахсан учрашув ўтказишини маъқуллаган.

Ҳужжатлар ичига Жулиани Владимир Зеленскийга юборган мактуб нусхаси ҳам тиркалган.

«Мен Президент Трампнинг шахсий вакили бўламан, унинг рухсати ва топшириғи билан мен кейинги душанба, 13 май ёки кейинги сешанба, 14 май куни учрашув ўтказилишини талаб қиламан», дея ёзган Жулиани.

Шу вақтгача Конгрессдаги республикачилар, шунингдек президент Трампнинг ўзи ҳам бир неча бор Қўшма Штатлар президенти шахсий адвокатнинг ҳаракатларидан воқиф эмаслигини таъкидлаганди. Аммо янги ҳужжатлар кўрсатмоқдаки, Рудольф Жулиани президент рухсати ва топшириғи бўйича ҳаракатланган.

АҚШ президенти томонидан сайлов кампаниясини молиялаштириш қоидалари бузилишининг яна бир далили келиб чиқишига кўра СССРдан бўлган Лев Парнас тақдим этган файллар ва ҳужжатлар бўлиши мумкин.

Парнас томонидан ёзилган битикда Зеленскийнинг фамилияси хато билан ёзилган
HOUSE INTELLIGENCE COMMITTEE

У тергов билан ҳамкорлик қилишга розилик берган ва демократларга нафақат шахсий телефонида сақланаётган файлларни, балки бошқа ҳужжатларни ҳам тақдим этган.

Улар орасида Парнас томонидан ёзилган, Зеленский Жо Байденга қарши текширув бошлаши шарт экани уқтирилган ва ультиматум қўйилган ёзув ҳам бор.

«Зеленскийни Байден иши бўйича текширув бошлашга унданг», дейилади ёзувда.

Парнаснинг сўзларига кўра, у Зеленский жамоасидагилар билан алоқаларни Жулиани кўрсатмаси бўйича ўрнатган, адвокат эса Трампга бу музокаралар ҳақида ахборот бериб борган.

«Президент Трамп нималар бўлаётганини биларди. У менинг барча ҳаракатларимдан хабардор эди. Мен Руди Жулиани ёки президент топшириғисиз ҳеч иш қилмаганман», дея қайд этган у.

Жулиани Парнаснинг баёнотини «қайғули» деб атаган.

«У учун афсусдаман. Мен уни олижаноб одам деб ўйлаган эканман. Аммо хато қилган эканман», деган у.

Шунингдек, ҳужжатларда Парнас ва Жулиани АҚШнинг Украинадаги элчиси Мэри Йовановични кузатишгани ва алал-оқибат у истеъфога чиқарилишига эришишгани келтирилган. Бу кузатувлар айнан кимлар томонидан амалга оширилгани ҳозирча маълум эмас.

Лев Парнас Руди Жулиани билан яхши таниш бўлган REUTERS

Йованович 2019 йил баҳорида истеъфога чиқарилган, АҚШ Давлат департаменти «у АҚШ президентига ёқмагани»ни маълум қилганди.

Трампнинг тарафдори, Конгресс аъзолигига номзод бўлган Роберт Ҳайднинг Парнас билан ёзишмасида шундай дейилган: «Мана бу бошқа гап. Трамп шу вақтгача нега бу урғочини ишдан бўшатмаганига ишонгим келмайди. Мен буни зудлик билан қилган бўлар эдим».

Шундан сўнг Ҳайд яна бир неча хабар жўнатган, уларда Жулианининг одамлари АҚШ элчисини доимий равишда кузатишгани айтилган.

«Улар пули тўланса ёрдамга тайёр», дея ёзган у кузатиш билан шуғулланганларни назарда тутган ҳолда.

Дональд Трамп омма олдидаги чиқишларидан бирида, элчи Йованович - «ёмон янгилик» эканини айтиб, дипломатни ўз ихтиёри билан кетишга чақирганди.

Прогнозларга кўра, янги далиллар ҳам Сенатдаги жараён натижасига таъсир кўрсатиши даргумон.

Республикачилар раҳбарияти бир неча марта президентни қўллашини таъкидлаган.

Мавзуга оид