Ушбу мақолада сизга Ўзбекистон таълимининг келажаги, 2030 йилгача олий таълим тизимини ривожлантириш концепцияси, битирувчиларнинг компанияларда ишлашга қанчалик тайёрлиги ҳақида, шунингдек олий таълим соҳасидаги етакчи тадбиркорлар ва мутахассисларнинг ташаббускор гуруҳи нима учун Тошкентда хусусий университет – TEAM University'ни очишга қарор қилгани ҳақидаги бир қатор интервьюлар тақдим этилади.

Мазкур материал академик доиралар мутахассислари ва бизнес-ҳамжамият вакилларининг бир қатор фикрларини, шунингдек, TEAM University лойиҳасининг бир қисми бўлган шахсларнинг фикрларини ўз ичига олади. Интервьюлар қисқа форматда тақдим этилган, унинг тўлиқ версияси TEAM University лойиҳасининг қуйидаги ижтимоий саҳифаларида нашр этилади:

Алан Франц – TEAM University Васийлик кенгаши раиси, олий таълим соҳасида мутахассис, яқин вақтларга қадар Westminster International University in Tashkent университетининг биринчи проректори лавозимида ишлаган.

– Сўнгги 25 йил давомида Ўзбекистондаги олий таълим тизими марказлашган бошқарувдан марказлашмаган бошқарувга ўтиш ва глобаллашиш шароитида мослашиш ва ривожланиш заруратига дуч келди. Бунда асосий тўсиқ бўлган омил тизимнинг масъул вазирликлар томонидан назорат қилинадиган юқори даражада марказлаштирилганлиги эди. Бу диверсификацияланган ўқув дастурларини ишлаб чиқишни, ўқитишнинг янги усулларининг пайдо бўлишини ва таълим соҳасига замонавий технологияларнинг кириб келишини чеклаб қўйганди. Вестминстер, Инҳа каби халқаро университетларнинг пайдо бўлиши, қандай қилиб олий таълимда янги жараёнларнинг ривожланиши бутун мамлакатимиз тараққиётига фойда келтириши мумкинлигини кўриш имконини берди. Қабул қилинган концепцияда асосий эътибор танқидий фикрлаш, мустақил таълим бериш, виртуал тизимлардан фойдаланиш ва шу кабилар бўйича таълим бериш дастурини жорий этишга қаратилган. Менинг фикримча, бугунги кунда вазирлик ва таълимга жалб этилган бошқа идоралар олдида турган асосий муаммо бу ўзгаришларни ҳаётга татбиқ этишнинг ҳақиқий суръатларини ҳужжатларда баён этилгани билан мувофиқлаштириш заруратидир. Нафақат давлат олий таълим муассасалари, балки янги иш бошлаган университетлар ҳам катта даражадаги мустақиллик нуқтаи назаридан сифатли ўзгаришларни амалга оширишлари керак. Университетлар раҳбариятларининг дунёқарашини либераллаштириш, келгусида амалга оширишни кўзлаб ўзларининг ўқув дастурлари ва курсларини, яъни биз бутун дунёда кўриб турган трендни ишлаб чиқиш қобилиятига эга бўлиш муҳим аҳамиятга эга. Ишончим комилки, вазирлик томонидан олиб бориладиган марказлаштирилган бошқарувни қисқартириш яхшироқ ва сифатлироқ таълим олишни таъминлашга имкон беради, чунки мустақиллик ва ўз келажагига таъсир қилиш имконияти ўз-ўзидан жавобгарлик ҳиссини келтириб чиқаради.