Мурожаатда ёзилишича, Халилов раҳбарлигидаги корхона 2018-2019 йилларда Қашқадарё вилоятидаги бир нечта пахта тозалаш заводларига ўзаро шартнома асосида эҳтиёт қисмлар етказиб берган.
Аммо, ҳануз пахта тозалаш заводлари шартномада кўрсатилган маблағларнинг бир қисмини «Муборакнефтгазмеханиктаъмир» корхонасига тўлаб бермаяпти.


Халиловнинг ўзаро шартномада кўрсатилган маблағларни тўлаб беришни сўраб қилган оғзаки мурожатларига унинг корхонасидан қарздор пахта тозалаш корхоналари раҳбарлари «Биз ишлаб чиқарган тола учун маблағлар тўғридан-тўғри бизнинг ҳисобимизга эмас, балки «Ўзпахтасаноат» АЖ ҳисоб рақамига тушади. Агар «Ўзпахтасаноат» АЖ бизга маблағ тушириб берса, кейин корхонангизга қарзларни тўлаймиз. Ҳозир ҳисобимизда етарли маблағ йўқ. Маблағ тушгач қарзларни тўлаб берамиз», қабилида жавоб беришган.
Тадбиркорнинг айтишича, улар бир неча ойдан бери шу жавобни беришяпти ва қарзни тўламаслик учун баҳона қилишмоқда.
Н.Халилов ушбу масала юзасидан 2019 йил 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожатларини кўриб чиқиш қабулхонасининг Қашқадарё вилоятидаги мудири М.Эшназаров номига ариза билан мурожаат қилади.

Кейин эса, 3 декабрь куни Косон туманида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти мудири Г.Зияев ўтказган сайёр қабулда қатнашиб, ундан корхонасига тегишли пулларни ундириб беришда ёрдам сўрайди.
Ўшанда Г.Зияев «Ўзпахтасаноат» АЖ бошқарув раиси А.Максудовга «Муборакнефтгазмеханиктаъмир» хусусий корхонаси раҳбарининг пахта тозалаш акционерлик жамиятларидан пулини ундириб бериш ҳақидаги мурожатини бир ҳафта мобайнида кўриб чиқиб, натижа бўйича тадбиркор ва Вазирлар Маҳкамасини хабардор қилиши ҳақида топшириқ беради.
«Ўзпахтасаноат» АЖнинг жавоб хатида ҳақиқатан тизимидаги бир қатор корхоналарнинг «Муборакнефтгазмеханиктаъмир» хусусий корхонасидан 151 миллион 424 минг 600 сўм миқдорида қарздорлиги мавжудлиги қайд этилган ва «Муборакнефтгазмеханиктаъмир» ХКдан корхона эҳтиёжлари учун товар моддий бойликларини харид этишда Ўзбекистон Республикаси Давлат харидлари тўғрисидаги Қонуни ҳамда Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги ПҚ-3953-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Давлат харидлари тўғрисидаги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори талабларига риоя этилиши таъминланмасдан, яъни танлов ёки тендер савдолари ўтказилмасдан туриб, таъминотчи корхоналар билан тўғридан-тўғри шартнома тузилгани айтилган.





















