Ўзбекистон | 15:46 / 20.01.2020
12759
3 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров пропорционал сайлов тизимини синаб кўришни таклиф қилди

«Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси Алишер Қодиров Ўзбекистонда пропорционал сайлов тизимига ўтиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари бу ҳақда душанба куни палатанинг илк мажлисида айтиб ўтган.

«Биз бу сайловда ғолиб бўлмоқчи эдик, лекин тактик хатога йўл қўйдик. Биз пропорционал сайлов тизимига хос тарзда рақобатга киришдик. Яъни партияни тарғибот қилавердик, партияни тарғибот қилавердик, рақибларимиз эса жойларда сайловчилар билан ишлашди.

Биз пропорционал тизимда ишлаб, партиянинг тарғиботи билан шуғулландик, рақибимиз ЎзЛиДеП эса жойларда депутатлик ўринларини олиш билан шуғулланди. Шундай тактик хатога йўл қўйдик. Шу сабабли дастуримиздаги асосий таклифларимиздан бири – Мирзо Улуғбек Абдусаломов ҳам шу ердалигида айтиб қолиш керак – кейинги сайловларимизда балки пропорционал тизимни кўриб чиқиш керакдир», – деди Қодиров.

У мажлисда қатнашган президент Шавкат Мирзиёевга сайловлар ҳақидаги хулосалари ҳақида ҳам айтиб ўтди.

«Шавкат Миромонович, менинг ўзим учун ҳам бу сайловлар жуда катта кашфиёт бўлди. Биз ҳали нонни «нанна» деб юрган жойларимиз жуда кўп экан», – деди «Миллий тикланиш» етакчиси.

Алишер Қодиров Ўзбекистон ёшларидаги шижоат ҳақида ҳам гапирди.

«Одамлар билан гаплашганимизда, айниқса ёшларда шунақанги шижоат ва ватанпарварлик борлигини кўряпмиз. Қорақалпоғистонга борганда ўзим ҳайрон қолдим. Ёш-ёш йигит-қизлар шунақанги ватанпарвар, кўзи ёниб турибди! Партияга аъзо бўляпти. «Значок»имни ечиб оляпти... «Бугундан бошлаб «Миллий тикланиш»нинг аъзосимиз», дейишяпти. Шунақанги ёшлар билан, ҳурматли Шавкат Миромонович, ривожланган давлат бўлмасликка ҳаққимиз йўқ», – деб таъкидлади у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов ҳам пропорционал сайлов тизимига ўтишни (ҳозирча қисман) таклиф этган эди.

Маълумот учун, жаҳон амалиётида сайловларнинг мажоритар, пропорционал ва аралаш тизимлари қўлланади. Мажоритар тизимда сайловчи аниқ номзодларга, пропорционал тизимда эса партияларга овоз беради.

Сайловлар натижасига кўра, «Миллий тикланиш» парламентда 36та, маҳаллий кенгашларда 159та депутатлик ўрнини қўлга киритиб, бу борада мос равишда иккинчи ва учинчи рақамли партияга айланган.

Мавзуга оид