Жаҳон | 18:12 / 20.01.2020
12797
3 дақиқада ўқилади

«Менинг бошқа танловим йўқ эди»: Шаҳзода Ҳарри қироллик унвонларидан воз кечиши ҳақида

Шаҳзода Ҳарри қироллик хонадони мажбуриятларидан воз кечиш уни хафа қилиши, аммо унинг бошқа иложи йўқлиги ҳақида гапирди. Шу билан бирга, у қиролича Елизавета II'га хизмат қилишни давом эттиришдан умидвор эканлигини таъкидлади. 

Фото: The Guardian

Sentabale хайрия йиғилишида нутқ сўзлаган шаҳзода Ҳарри бувисини жуда қаттиқ ҳурмат қилишини айтган ва уни «ўзининг олий қўмондони» деб атаган. 

«Биз қиролича, ҳамдўстлик ва ҳарбий уюшмаларга давлат томонидан молиялаштирилмасдан туриб хизмат қилишда давом этишимизга умид қилгандик. Афсуски, бу иложсиз бўлиб чиқди», — деди у. 

Шу билан бирга, шаҳзода Британия унинг уйи ва севимли жойи экани ва «ҳар доим шундай бўлиб қолиши»ни таъкидлаган.

Аввалроқ Букингэм саройи шаҳзода Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган энди қироллик унвонларидан фойдаланмаслигини ва бундан кейин давлат маблағларини олмаслигини эълон қилганди. 

Бу шуни англатадики, 2020 йил баҳоридан бошлаб улар энди «зоти олийлари» деб номланмайди. Аммо, улар Сассекс герцоги ва герцогиняси бўлиб қолади, шаҳзода Ҳарри туғилишида мерос қолган унвонини сақлаб қолади. 

Ҳарри ва Меган шунингдек, Виндзордаги уйни таъмирлаш учун Буюк Британия бюджетидан сарфланган 2,4 миллион фунтни қайтариб бериш ниятида эканликларини билдиришди. 

Бунгача эр-хотин оммавий ахборот воситаларининг босими ва ҳаддан ташқари эътиборидан шикоят қилишган ва Ҳарри хотинининг онаси малика Диананинг ўлимига олиб келган «ўша кучлар»нинг қурбони бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирганди.

Ҳарри ўзининг Инстаграм саҳифасига жойлаган видеонутқида Меган билан турмуш қурган вақтида иккови ҳам «ғайратли, умидларга тўла ва [Британия тожига] хизмат қилишга тайёр» бўлишгани ҳақида гапирган.

«Шундай экан, ҳозир мен учун жуда қайғули. Хотиним билан менинг (қироллик вазифаларини бажаришдан) кетишга қарор қилишимиз осон бўлгани йўқ», — деди Ҳарри. 

«Бир неча ой давом этган мунозаралар, кўп йиллик ундовлардан сўнг ҳаётим қийинчиликларга дуч келди. Мен ҳар доим ҳам тўғри иш қилмаганимни биламан, аммо ҳозирги босқичда менда бошқа чора йўқ эди», — дейди шаҳзода. 

Аввалроқ, эр-хотин вақтининг катта қисмини Канадада ўтказиб, икки мамлакатда яшаш ниятида эканликларини айтишганди. Ҳозир Ҳаррининг рафиқаси ўғли Арчи билан Канаданинг ғарбий соҳилида яшамоқда.

Мавзуга оид