Австралияда ярим йилдан буён тўхтамаётган ўрмон ёнғинлари дунё жамоатчилигини ташвишга солмоқда.

Ҳаммаси нимадан бошланди?

Австралия иқлими ва табиий рельефи туфайли қитъада ўрмон ёнғинлари ҳар йили, мавсумий тарзда кузатилади. Одатда ёнғинлар мавсуми материкдаги ёз ойларига тўғри келади – декабрдан бошланиб, мартгача давом этади.

Ҳозир давом этаётган ёнғинлар 2019 йил июнь-июль ойларидан бошланган эди. Декабрь ойига келиб, Янги Жанубий Уэльс штатида фавқулодда ҳолат эълон қилинди – ёнғинлар кўлами ушбу штат учун рекорд даражага етди. Табиий офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд ҳам айни шу штат.

Сабаб нимада?

Асосий омиллар иккита – рекорд даражадаги юқори ҳаво ҳарорати ва бир неча йиллик қурғоқчилик. Шунингдек, океан юзасидаги ҳароратнинг ортиши ҳам вазиятга таъсир қилган.

Мисол учун, 4 январь куни Сидней яқинидаги Пенрит шаҳрида 48,9 градус иссиқ қайд этилди. Бу – шаҳар тарихидаги энг юқори ҳарорат. Ўша куни дунёнинг бошқа ҳеч бир ерида бу қадар юқори иссиқлик қайд этилмади.

Табиий офат натижасида ҳосил бўлаётган тутун маҳаллий иқлимда аномал ўзгаришларни келтириб чиқаряпти. Бу эса чақмоқлар сонининг ортиши, натижада янги ёнғин ўчоқларининг ҳосил бўлишига сабаб бўлмоқда.

Фото: EPA / ТАСС

Қурбонлар                        

Ёнғин қурбонлари сони 30 нафарга яқинлашган. 14 январь ҳолатига кўра, 5900дан ортиқ бино, жумладан 2600дан зиёд хонадонлар оловдан зиён кўрган.