Ўзбекистон | 13:16 / 21.01.2020
35781
2 дақиқада ўқилади

«Ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланмоқда». ТИВ Томскдаги фожиа бўйича қўшимча маълумот берди

Фото: Россия ФВВ

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерацияси Томск областида юзага келган ёнғин бўйича қўшимча маълумот берди.

Мамлакатнинг Новосибирск шаҳридаги (Россия) бош консулхонаси маълумотига кўра, 2020 йил 21 январга ўтар кечаси Томск области, Асиновский тумани, Причулимский посёлкаси, Свобода кўчаси, 1/3 уй манзилида жойлашган бир қаватли ёғочдан ясалган қурилиш биноси ёниб кетган.

Ёғочни қайта ишлаш корхонаси ишчилари яшаган ушбу бинода 10 кишининг жасади топилган. Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари. 

ТИВ хабарида айтилишича, ҳалок бўлганларнинг шахслари аниқланмоқда. Икки жабрланган ҳам Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, улар енгил жароҳат олган ва тиббий ёрдам кўрсатилгандан кейин қўйиб юборилган.

Бош консулхона вазиятни назоратга олган ва маҳаллий ҳокимият органлари билан доимий алоқада бўлиб турибди, дейилади хабарда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирган ва Россиянинг Сибир федерал округи ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда Новосибирск шаҳридаги мамлакат бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатган: + 7 (383) 246-04-85; + 7 (383) 246-04-63, + 7 (383) 246-04-64; + 7 (383) 246-04-84.

Мавзуга оид