Жаҳон | 10:17 / 22.01.2020
14548
3 дақиқада ўқилади

Amazon раҳбари телефонига Саудия валиаҳд шаҳзодаси телефонидан бузиб кирилган - Guardian

Жефф Безос ва Муҳаммад Бин Салмон/Фото: Saudi Press Agency

АҚШнинг Amazon компанияси раҳбари ва дунёнинг энг бой одами Жефф Безос мобил телефони унга Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад Бин Салмон Ол Сауднинг телефонидан юборилган деб тахмин қилинаётган зарарли файл ёрдамида бузилган. Бу ҳақда Британиянинг The Guardian нашри Безоснинг телефони криминалистик текшируви натижаларидан хабардор манбаларга таяниб хабар берди. 

Манбалар маълумотларига кўра, жосуслик дастури Безос телефонига 2018 йил май ойида Саудия валиаҳд шаҳзодаси унга WhatsApp орқали юборган видеофайл орқали юкланган бўлиши мумкин. Шундан бир неча соат кейин Безос телефонидан катта ҳажмдаги маълумот кўчириб олинган. Бироқ нашр хакерлик ҳужуми натижасида қўлга киритилган ушбу маълумотлар қандай қўллангани ҳақидаги ахборотга эга эмаслигини маълум қилган.   

2019 йил мартида Безос томонидан ёлланган хусусий маслаҳатчи Гэвин де Бекер мижозининг телефонига Саудия Арабистонига ишлаган хакерлар томонидан бузиб кирилганини маълум қилган. Бир неча ойдан кейин Безоснинг смс-хабари ва маъшуқаси билан тушган сурати National Enquirer нашри ихтиёрига тушган. Де Бекер хакерларнинг ушбу ҳужумини Безосга тегишли бўлган The Washington Post нашри  журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишини фаол ёритишни бошлагани учун Ар-Риёднинг Безосга зарар етказмоқчи бўлгани билан тушунтирган.

2017 йилдан АҚШда яшаган журналист The Washington Post учун мақолалар ёзган. У 2018 йил 2 октябрда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консулхонасида ваҳшийларча ўлдирилган эди. Ушбу қотиллик Саудия Арабистони раҳбарияти буйруғи билан амалга оширилгани тахмин қилинган. Журналистнинг ўлдирилиши иши бўйича Саудия Арабистонида 5 киши ўлим жазосига ҳукм қилинган, яна 3 киши умумий ҳисобда 24 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 

Безоснинг адвокати The Guardian’нинг валиаҳд шаҳзоданинг зарарли дастурни юборишга алоқадорлигига изоҳ бериш илтимосига “Безоснинг тергов билан ҳамкорлик қилаётганини” айтиш билан чегараланган. Саудия Арабистонининг  Вашингтондаги элчихонаси ҳам бу масала бўйича ҳеч қандай изоҳ бермаган. 

Мавзуга оид