Спорт | 16:11 / 22.01.2020
11681
3 дақиқада ўқилади

ОЧЛ. «Бунёдкор» Ироқ жамоасини йирик ҳисобда мағлуб этиб, ҳал қилувчи босқичга йўл олди

Фото: Tribuna.uz

Осиё чемпионлар лигаси иккинчи саралаш плей-офф ўйини доирасида «Бунёдкор» жамоаси Тошкентда Ироқнинг «Аз-Завра» клубини қабул қилди.

«Жар» стадионида кечган ўйинни Вадим Абрамов жамоаси ҳужумкор бошлади. 8-дақиқада шу куни дебютини нишонлаган Ҳумоюн Муртазоев пенальти ишлаган бўлса, яна бир дебютант Мурод Холмуҳаммедов одатдагидек рақиб посбонига имконият қолдирмади – 1:0.

Иккинчи бўлимни ҳам мезбонлар ҳужумкор бошлашди ва 46-дақиқада Ҳумоюн Муртазоев жамоасидаги илк расмий ўйинида дастлабки голини киритди – 2:0.

Захирадан тушганига икки дақиқа бўлган Бобурбек Фарҳодов 78-дақиқага келиб ҳисобдаги фарқни йирик кўринишга олиб келди. Унинг зарбаси учинчи марта Жалол Ҳасан Ҳошим дарвозасидан ўрин олди – 3:0.

Учрашувнинг охирги дақиқаларида ҳам Вадим Абрамов жамоаси ҳужумкорликни тўхтатмади. Натижада, 85-дақиқада Ҳумоюн Муртазоев ўз голи билан ўйиндаги дублини қайд этди – 4:0.

Учрашувнинг асосий вақти якунланишига икки дақиқа қолганида Аббос Қосим «Бунёдкор» дарвозасига гол уриб, ҳисобдаги фарқни қисқартира олди, холос – 4:1.

Ушбу ғалабадан кейин «қалдирғочлар» плей-офф босқичининг ҳал қилувчи ўйинига йўлланма олишди. Навбатдаги плей-офф баҳсида «Бунёдкор»га БААнинг «Ал-Айн» клуби рақиб бўлиб, ўйин 28 январь куни БААда ўтказилади.

Осиё Чемпионлар лигаси-2020
«Бунёдкор» - «Аз-Завра» (Ироқ) - 4:1

Тошкент, «Жар» стадиони.
Бош ҳакам: Йудаи Ямамото (Япония).
Голлар: Мурод Холмуҳаммедов 8 (пен), Ҳумоюн Муртазоев 46, Бобурбек Фарҳодов 78, Ҳумоюн Муртазоев, 85 - Аббос Қосим, 88.
«Бунёдкор»: Абдумавлон Абдулжалилов, Суҳроб Ярашев (Ғулом-Ҳайдар Ғуломов, 74), Анвар Ғофуров, Дилшод Аҳмадалиев, Жасур Жалолиддинов, Лутфулла Тўраев, Сардор Абдураимов, Суҳроб Иззатов (Бобурбек Фарҳодов, 76), Мурод Холмуҳаммедов, Селим Нурмурадов, Ҳумоюн Муртазоев.
Захирадагилар: Сарвар Каримов, Давронжон Эргашев, , , Баҳодир Пардаев, Ҳасан Йўлдошев, Фаррух Икромов.
«Ал Завра»: Жалол Ҳасан Ҳошим, Мустафо Муҳаммад, Муҳаммад Ридҳа, Аҳмад Фозил, Муҳаннад Абдулраҳим, Ҳусайн Ал Саиди, Ал Ҳасан Ҳуайиб, Маҳди Комил, Соломон Уильямс, Аббос Қосим, Стиве Нзамбе.
Захирадагилар: Фаҳад Толиб, Мустафо Маҳмуд, Аҳмад Жалол, Нажм Ал Қурайши, Али Раҳим Ал Аззави, Аъло Рад Ал Ҳамадони, Абдуллоҳ Абдуламир.

Мавзуга оид