2019 йил декабрь ойида Kun.uz'да «Паст Дарғомда корхона электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келган: МИБга ҳокимлик вакиллари тўсқинлик қилишди» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.
Бугун, 22 январь куни МИБ Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Алишер Зокиров «Матбуот уйи»да ўтказилган брифинг чоғида ана шу воқеа юзасидан якуний маълумот берди.

Унга кўра, хизмат текшируви натижасида ўша куни далолатнома расмийлаштирган МИБ ходимлари ҳаракатида қонунбузилиш аломатлари топилмаган.
Қонунбузилишларга йўл қўйган Паст Дарғом туман Ободонлаштириш давлат корхонасига тегишли бетон тайёрлаш корхонаси томонидан давлатга 65 миллион сўмлик зарар етказилган. Дастлаб, ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Б.Жўраевга етказилган зарар қопланмаса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши маълум қилинган. 65 миллион сўмлик зарар қоплаб берилгач, жиноят иши қўзғатиш рад қилинган.
Шунингдек, МИБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатган ҳокимлик ходими А.Мардиев ва бетон тайёрлаш корхонаси ходими Р.Аннабозоровларга нисбатан Паст дарғом туман прокуратураси томонидан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.
Суд қарори билан МИБга қаршилик кўрсатиб, электрдан ноқонуний фойдаланишга шароит яратган ходимларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, Жума шаҳридаги «Қатортерак» маҳалласи яқинида 2 гектардан ортиқ тутзор август ойида кесилиб, Ободонлаштириш бошқармасига қарашли бетон тайёрлаш корхонасига берилган.
Бетон тайёрлаш корхонаси электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган ва энергия сотиш корхоналарига бир тийин тўламасдан келган.















