Ўзбекистон | 11:30 / 24.01.2020
8716
3 дақиқада ўқилади

Ижро органлари раҳбарлари ишига халқ мурожаатларига қараб баҳо берилади – Президент

Бундан буён ижро органлари раҳбарлари ишига халқ қабулхоналарида келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида баҳо берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги парламентига мурожаатномасида тўхталиб ўтди.

«Янги парламентнинг пировард мақсади Ўзбекистонда яшаётган аҳолининг турмушини юксалтиришдан иборат бўлиши шарт. Шу муносабат билан депутатларимизга мурожаат қилиб шуни айтмоқчиман: сайловолди учрашувларда аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича аниқ дастур ва йўл хариталарини ишлаб чиқиш ҳамда уни ваколатли идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга оширишимиз зарур. Акс ҳолда сизларга ишонч билдирган сайловчилар олдидаги депутатнинг обрўси бўлмайди, партиянинг мавқейи тушиб кетади.

Энди давлат идоралари раҳбарлари ва ҳокимларнинг ушбу мурожаатларни қай даражада ҳал этилаётгани бўйича ҳисоботини парламент ва халқ депутатлари кенгашларида мунтазам эштитиш тизими йўлга қўйилади. Маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадини тасдиқлаш, нафақа олувчиларни адолатли белгилаш, ижро органлари раҳбарлари ишига баҳо бериш бундан буён халқ қабулхоналарида келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида баҳо берилади», – деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг қайд этишича, бошқарув тизими сифатини оширишда халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак деган асосий тамойилни амалда тўлиқ таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилиш зарур. Виртуал ва Халқ қабулхоналарига йилига бир миллиондан зиёд мурожаат келиб тушаётгани, халқ билан мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш кераклигини кўрсатмоқда.

«Ҳар бир депутат халқ қабулхоналари билан доимий ишлаб, ўз ҳудудида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этиши, одамларнинг дард-у ташвишларини тинглаши керак. Шунда депутатлар ўз сайловчиларига берган ваъдалари устидан чиқади, халқимизнинг ишончини оқлайди, энг асосийси, халқимизнинг меҳрини қозонади. Шунда мен ҳам нафақат президент, балки оддий сайловчи сифатида сизлардан жуда миннатдор бўлар эдим», деди давлат раҳбари. 

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид