Жамшид Қўчқоров: «Биз шу пайтгача гўё у йўқдек, камбағаллик деган сўзни ишлатмасдик»
Халқаро пресс-клубнинг Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожатига бағишланган сессиясида сўзга чиққан Молия вазири Жамшид Қўчқоров ялпи ички маҳсулот ва унинг камбағалликни тугатишдаги аҳамияти ҳақида гапириб ўтди.
«Бизда шу вақтгача камбағаллик деган сўзни ҳеч ким ишлатмас эди. Иқтисодиёт соҳасидаги узоқ йиллик фаолиятимдан айтаманки, биз бир пайтлар «Аҳоли фаровонлигини ошириш» деб номланган дастур ҳам ишлаб чиққандик, гўё бизда камбағал йўқдек.
Ҳар бир мамлакатнинг аҳолиси фаровонлиги, камбағалларнинг кам ёки кўплиги унинг ялпи иқтисодий маҳсулоти билан белгиланади. Чунки, оддий сўз билан айтганда, ялпи ички маҳсулотдан ташқарида ҳеч нарса йўқ. Давлатнинг ҳам, халқнинг ҳам ҳаракатланадиган майдончаси шу ЯИМ ҳисобланади.
Президентимиз парламентдаги чиқишида ЯИМ ни 5 йилда 100 млрд АҚШ долларига чиқариш вазифасини қўйди. Бундан мақсад ЯИМ ўсиши ҳисобига камбағалларни камайтириш ҳисобланади.
2019 йилда ЯИМ 58 млрд бўлди, бу жон бошига 1724 АҚШ долларини ташкил қилади. 2024 йилга келиб ЯИМ 100 млрд етадиган бўлса жон бошига 2800 долларни ташкил этади. Яъни, 5 йилда минг доллардан ошиққа кўпайиши керак. Албатта, бу ерда аҳоли сони ўсиши ва бошқа жиҳатлар таҳлил қилиниб ҳисобга олинган», деди Жамшид Қўчқоров.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида мамлакатдаги камбағаллик даражаси 12-15 фоиз атрофида эканини маълум қилган, бу Ўзбекистон тарихида илк марта камбағаллик даражаси очиқланиши бўлганди.
Мавзуга оид
13:25 / 19.10.2024
Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи” унвони берилди
08:50 / 12.10.2024
«2025 йилда энерготарифлар ислоҳотининг асосий босқичи якунланади» — бош вазир ўринбосари
22:19 / 11.10.2024
Ўзбекистон 2027-2028 йилларда электр ва газ улгуржи бозорига ўтишни якунлайди – Жамшид Қўчқоров
14:16 / 03.06.2024