ОАВда, ижтимоий тармоқларда шифокорларга қилинган тажовузлар ҳақидаги хабарлар, видеолавҳалар мунтазам тарқалиб туради. Вазият шу даражага етганки, ўз касбини бажараётган тиббиёт ходимлари нафақат оғир тан жароҳатлари олмоқда, балки азиз жонлари ҳам хавф остида қолмоқда.

Бу ҳолатлар қуюшқондан чиқиб кетганининг яна бир исботи – бевосита давлат раҳбарининг назарига тушгани бўлди.

24 январь куни президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, шифокорларга нисбатан бўлаётган зўравонлик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратди.

Бу муаммога эътибор қаратилишини соғлиқни сақлаш тизимидаги муҳим қадам, деб ҳисобласа бўлади. Сабаби маълум – инсон кимнингдир хизматидан норози бўлиши, ўзининг айни пайтдаги ҳолати, кайфиятсизлиги билан вазиятни хаспўшлаши мумкин. Аммо кимгадир тажовуз қилишга, айниқса вазифасини бажараётган ва диққат эътибори беморда бўлган шифокорга нисбатан самосуд уюштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Яна бир қизиқ жиҳати, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларига нисбатан деярли тажовузлар бўлмайди, бўлганда ҳам дарҳол ва аёвсиз жазо механизми ишга тушади. Аммо зўравонлар назарида оқ халат кийган тиббиёт ходими оқ байроқ кўтарган ва таслим бўлган асирдай ожиз, уни бемалол камситавериш мумкин.

Бу зўравонликларнинг аксарият қисми – юртимиздаги шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизими ходимларига тўғри келади. 2017 йилдан шу кунгача бу йўналишдаги шифокорларга 314 марта зўравонлик қилиш, уларга тан жароҳати етказиш, ҳатто уларнинг соғлиғини қайта тиклаб бўлмас даражага келтириш каби ноқонуний ҳаракатлар содир этилган.