Қамчиқ довонида пуллик тоннел қуриш бўйича молиявий ва техник ҳисоб-китоблар тайёрланмоқда
«Тошкент — Андижон» пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси доирасида Қамчиқ довонида пулли тоннел қурилади. Бу ҳақда Давлат-хусусий шериклик ривожлантириш агентлиги хабар бермоқда.
«Иқтисодий–ижтимоий томондан, шу жумладан йилнинг қор ва кучли сел ёғган вақтлари Қамчиқ довонида автомобиль-транспорт ҳаракатланиши вақтинча тўхташи ушбу лойиҳани амалга ошириш устувор эканлигини кўрсатиб турибди.
Қамчиқ довонида янги пуллик тоннел қуриш лойиҳаси Жаҳон банки томонидан ёлланган консультацион компанияларга қўйилга вазифа доирасига кириб, дастлабки молиявий ва техник ҳисоб-китоблар жорий йилнинг февраль ойи охирига қадар тақдим этилади. Консультант компаниялар томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, тоннелнинг узунлиги мавжуд йўлдан қанчалик баландликда қурилишидан келиб чиқиб 19дан 30 километргача етиши мумкин. Тоннель қурилишида тоннель дизайни, техник параметрлари (шу жумладан вентиляция тизими), ҳамда иқтисодий ва тижорий мақсадга мувофиқлиги техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар жараёнида (2020 йил октябрь ойига қадар) ўрганиб чиқилади.
Лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб топилса, тендер ҳужжатлари тайёрланади (2021 апрель ойига қадар) ҳамда икки босқичли тендер жараёнлари 2022 йил март ойига қадар давом этади. Шунингдек, Тендер ғолиби билан 2022 йил март ойида битим имзоланиши кўзда тутилган», дейилган хабарда.
2019 йил 9 декабрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан давлат хусусий шерикчилик шартлари асосида пулли автомобиль йўлларини ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланганди.
Ҳужжатга мувофиқ, Қамчиқ (Тошкент ва Наманган вилоятлари) ва Тахтиқорача (Қашқадарё) довонларида иккита янги пулли туннел ҳамда учта пулли автойўл — Сирдарё ва Бахт шаҳарларини (Сирдарё вилояти) айланиб ўтиш учун йўл, шунингдек «Тошкент-Самарқанд» ва «Тошкент-Андижон» йўлларини қуриш режалаштирилган.