Ўзбекистон | 16:33 / 28.01.2020
5840
4 дақиқада ўқилади

Озодликдан маҳрум этилганлар пенсия тайинланиши бўйича қандай ҳуқуқларга эга?

Бугун, 28 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида озодликдан маҳрум этилган фуқароларга пенсия тайинлаш тартиби йўлга қўйилгани, унинг ҳуқуқий асосларига бағишланган анжуман ўтказилди.

Тадбирда Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этуви аппарати бўлим бошлиғи Шуҳрат Ўтаганов озодликдан маҳрум этилган фуқароларга пенсия тайинланиши хусусида ахборот берди.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-558-сон қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунининг айрим моддаларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритилди. Қонун билан манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан махрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нафақат пенсия тайинлаш, балки озодликдан маҳрум қилингунга қадар тўхтатилган пенсия тўловини тиклаш ҳуқуқи ҳам тақдим этилди.

Республикада 25та манзил-колония бўлиб, уларда 300дан ортиқ маҳкумлар умумий пенсия ёшига тўлган. Уларнинг 60 нафарга яқини эса озодликдан маҳрум этилгунга қадар бирор бир турдаги давлат пенсиясини олиб келганлар ҳамда озодликдан маҳрум этилганларидан кейин уларнинг пенсия тўлови қонунчиликда ўрнатилган тартибда тўхтатилган бўлган. Ўтган давр мобайнида Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлар томонидан 37 нафар манзил-колониясида жазо муддатини ўтаётган фуқароларга пенсиялар тайинланган бўлса, 31 нафарининг илгари тўхтатилган пенсия тўловлари тиклаб берилган бўлиб, шундан 5 нафари аёл кишини ташкил қилади», дейди Ўтаганов.

Пенсия тайинлаш бўйича мурожаатлар фақатгина Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятларидаги манзил-колониялардан келиб тушган.

Шуҳрат Ўтаганов жазони ижро этиш муассасаларида фуқароларга пенсия тайинлаш бўйича муаммолар ва бу бўйича маҳкумларга қандай ҳуқуқлар берилганлиги юзасидан ҳам маълумот берди.

«Озодликдан маҳрум этилган шахсларга пенсия тайинлашда бир қатор қийинчиликлар бор. Биринчи масала иш стажини тасдиқловчи меҳнат дафтарчаси: маҳкум пенсия ёшига етган ва пенсия тайинлаш бўйича мурожаат қиляпти. Лекин унинг меҳнат дафтарчаси йўқ ёки йўқолган. Иш стажи бўлмаган ёки талаб этиладиган иш стажига эга бўлмаган маҳкумларга пенсия тайинланиши керакми, деган масала кўндаланг турибди. Бунда туман, шаҳар пенсия жамғармаси идоралари амалий ёрдам беришяпти. Фуқаронинг қаерларда ишлагани тўғрисида маълумотларни олишга кўмак беришяпти. Масалан, фуқаро бирон корхонада маълум муддат ишлаганини айтса, пенсия жамғармаси идоралари ўша ташкилотдан фуқаронинг иш стажи ҳақида сўровлар юборишади.

Шунингдек, озодликдан маҳрум этилган фуқароларга пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш ҳуқуқи таъминланган. Фуқаро исталган пайтда пенсия миқдорига таъсир кўрсатуви омил, яъни иш ҳақи ёки иш стажи тўғрисидаги маълумотномани тақдим этадиган бўлса, пенсияни қайта ҳисоблатиш имкониятига эга бўлади.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида пенсия миқдорини тайинлаш, қайта ҳисоблаш, тиклаш, ҳатто бир пенсия туридан иккинчи пенсия турига ўтказиш ҳуқуқини ҳам беришни таклиф этганмиз. Масалан, фуқаро манзил-колониясида ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлди. Шу вақтда бу фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, тиббий текширув хулосасига кўра, ногиронлиги тасдиқланди. Бунда фуқаро танлаш ҳуқуқидан фойдаланиб (аризасига кўра), ёшга доир пенсия ёки ногиронлик нафақасини олиши мумкин», - дея Ўтагановнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид