«Бугунги кунда жаҳон туризм бозори ҳажми қарийб 9 триллион долларни ташкил этмоқда. Дунёда иш билан банд аҳолининг ҳар ўнинчиси ушбу соҳада фаолият юритмоқда.
Таҳлилларга кўра, туристлар ҳаво транспортида учиш вақти 5 соатгача бўлган ўлкаларга энг кўп саёҳат қилади. Мамлакатимиз атрофида бундай масофада 60 га яқин давлат, 3 миллиард аҳоли бор. Йилига уларнинг қарийб 360 миллиони хорижга саёҳат қилади. Бу улкан туризм бозори дегани.
Ўтган йили юртимизга 6,7 миллион нафар сайёҳ келган. Диёримиз 10 дан ортиқ нуфузли халқаро нашрларда энг жозибали туристик маскан сифатида эътироф этилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Президент ўтган ҳафтада ўзининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш устувор вазифа эканини таъкидлади.
Жорий йилда хориждан келадиган сайёҳлар сонини 7,5 миллионга, 2022 йилда 10 миллионга ва 2025 йилда 12 миллионга етказиш режалаштирилган. Бу орқали туризм хизматлари экспорти жорий йилда 1,5 миллиард доллар, кейинги 5 йилда 3 миллиард долларгача оширилади.

«Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари, хусусан, 2018 йил 7 февралдаги «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори туфайли ва юртимиз аҳолисининг фаровонлиги ошгани сайин ички туризм ҳам кенгайиб бормоқда. Бироқ, йиғилишда таъкидланганидек, жаҳон стандартларига мос меҳмонхоналар, малакали гидлар етишмайди.
Шу боис меҳмонхоналарни жорий йилда 1 минг 700 тага, келгуси 5 йилда 3 мингтагача кўпайтириш керак. Оилавий меҳмон уйларини ҳам 2 мингтага етказиш зарур.
Булар орқали туризм соҳасида йилига камида 30 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган», дейилади хабарда.
Танқидий таҳлил руҳида ўтган йиғилишда ушбу натижаларга эришиш учун амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Сайёҳликнинг анъанавий турлари қамровини кенгайтириш билан бирга янги кўринишларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Кардиология, урология, стоматология, офтальмология каби юртимиз юқори салоҳиятга эга бўлган тиббиёт йўналишларида туризмни ривожлантириш, соғломлаштириш ва дам олиш масканларига стратегик инвесторларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди. МДҲ давлатлари касаба уюшмалари билан яқин алоқаларни йўлга қўйиб, сайёҳлар сонини кескин ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Маданият вазирлигига туризм маршрутига киритилган объектлар сонини жорий йилда 800тага, 2025 йилда эса 2,5 мингтага етказиш вазифаси қўйилди.
















