Чехияда дастурчилар давлатга текинга сайт тайёрлаб берди. Бу ишга 16 млн евро сарфламоқчи бўлган вазир ишдан бўшатилди
Чехиялик дастурчилар гуруҳи ҳукумат учун фирмалардан бири буюртма олган сайтни текинга тайёрлаб берди. Улар буни транспорт вазирлигининг “исрофгарчилиги”га нисбатан норозилик белгиси сифатида амалга оширди: уларнинг фикрича, амалдорлар оқлаб бўлмайдиган даражада қиммат шартнома тузган.
Маълум қилинишича, транспорт вазирлиги пуллик автомагистралларда ҳаракатланишга электрон тарзда рухсатнома берувчи сервис яратиш учун ҳеч қандай тендерсиз Asseco Central Europe фирмаси билан қиймати 400 миллион чех кронасига (16 миллион евро) тенг шартнома тузган. Шартномага кўра, фирма интернет-дўкон ҳамда iOS ва Android иловалар яратиши, сайтни тўрт йил давомида қўллаб-қувватлаб туриши лозим бўлган.
Бу буюртма Чехиядаги IT-ҳамжамиятининг норозилигини келтириб чиқарди. Actum Digital компанияси Томаш Вондрачек бу ишни икки кунда бажариши мумкинлигини айтди.
Вондрачек маҳаллий дастурчиларга бирлашишни ва худди ўша сайтнинг муқобилини яратишни таклиф қилди. Компания офисига йиғилган 60 нафар дастурчи икки кун ичида 16 млн евролик сайт талабига жавоб берувчи fairznamka.cz платформасини тайёрлади. Улар шу йўл билан солиқ тўловчиларнинг пуллари беҳуда сарфланаётганлигини кўрсатмоқчи бўлди. Дастурчиларнинг ишини кузатиш учун Чехия бош вазири Андрей Бабиш ҳам келди.
Вондрачек келгусидаги ишлар учун шартнома қийматининг тўртдан бир қисми миқдорида маблағ кетишини айтди.
Давлат буюртмаси қиймати ошириб кўрсатилгани сабабли мамлакат транспорт вазири Владимир Кремлик истеъфога чиқарилди ва давлат буюртмасини бажариш учун тендер ўтказиладиган бўлди. Asseco Central Europe вакиллари шартномани бекор қилишга тайёрлигини билдирди.
“Бундан буён давлат буюртмасининг асоссиз равишда оширилиш ҳолатларига чек қўйилди деб ўйлайман”, деди Вондрачек ушбу воқеадан сўнг ва компанияси тендер танловида иштирок этмаслигини қўшиб қўйди.
Мавзуга оид
15:30 / 24.10.2024
Чехия бош вазири: Украина учун снарядлар сотиб олиш режага мувофиқ кетяпти
16:00 / 18.10.2024
Чехия Украина учун ўқ-дориларни сотиб олишни давом эттиради
13:52 / 02.10.2024
Skoda ўзининг биринчи ихчам электрокроссовери — Elroq’ни тақдим этди
20:48 / 17.09.2024