Би-би-си шу саволга жавоб излади.

Бугунги кунда Ер юзи аҳолиси ҳар қачонгидан кўра кўпроқ. Сайёрада бугунги кунда - 7,7 млрд киши яшамоқда, аҳоли сони кундан кунга ортмоқда ва зичлашмоқда.

Одамлар кўпаймоқда - кенгликлар тораймоқда. Бу эса патогенлар (касаллик қўзғатувчи бактериялар) одамлар орасида тез тарқалишини таъминлайди.

Healthmap.org сайти бутун дунёдаги турли вирусларнинг тарқалишини кузатади. Ҳозирда глобал вазият шундай кўринмоқда

Ухань коронавируси касалланган одам йўталганида ёки аксирганида тупук томчилари орқали юқади. Инсон организмдан ташқарида вирус узоқ вақт яшаб қола олмайди, шунинг учун юқиши учун одамлар жуда яқин бўлиши талаб этилади.

Ҳалокатли коронавирус: юқтирмасликнинг иложи борми, «испанка» такрорланадими, вакцина қандай ишлайди? Саволлар ва жавоблар

2014 йилда Эбола вируси эпидемияси билан ҳам шундай бўлганди. У қон ва танадаги бошқа суюқликлар орқали тарқалар, уни зарарланган одам билан яқин алоқада бўлганларгина юқтирарди.

Барча вируслар ҳам одамдан одамга юқмайди, аммо чивинлар орқали тарқатиладиган Зика вируси ҳам одамлар тиғиз яшайдиган жойларда тезроқ тарқалиши маълум бўлган. Чивинлар озиқ-овқат маҳсулотлари мўл бўладиган шаҳарларда ўзлари учун қулай шароитга эга бўлишади. Улар одамлар тиғиз яшайдиган ва иссиқ ёки илиқ иқлимли ҳудудларда тезлик билан кўпайишади.

2007 йилда шаҳарлар аҳолиси сони қишлоқлар аҳолиси сонидан ошиб кетганди. Бугунги кунда эса 4 миллиарддан ортиқ киши қуруқликнинг бир фоизига тенг қисмидаги ҳудудларда яшамоқда.

Кўплаб шаҳарлар аҳоли ўсишига тайёр эмас. Бундай шаҳарлардаги одамлар ичимлик суви ва канализация билан таъминланмаган хароба уйларда яшашади. Бундай шароитда эса касаллик тез тарқалади.

Биз кўп саёҳат қилмоқдамиз