Жаҳон | 10:04 / 30.01.2020
4046
1 дақиқада ўқилади

Европарламент «Брекзит» бўйича келишувни тасдиқлади

Фото: AFP

Европарламент 29 январдаги йиғилишида Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши бўйича келишувни ратификация қилди. Бу ҳақда Европарламент сайтида маълум қилинди.

Brexit бўйича келишувни 631 нафар евродепутат қўллаб-қувватлаган, 49 нафари қарши чиққан, 13 нафар депутат бетарафлик билдирган. Ҳужжатнинг тасдиқланиши учун кўпчилик овоз кифоя қилган.

Бу овоз беришдан олдин дебатлар бўлиб ўтган. Евродепутатларнинг бир қисми йиғилишга Британия ва Европа Иттифоқи рамзлари туширилган ва “Ҳамиша бирлашган” ёзувли шарфларда келишган.

Европа Иттифоқи томонидан “Брекзит” бўйича кейинги ва охирги қадам келишувнинг Еврокенгаш томонидан маъқулланиши бўлади. Кенгаш бу борада 30 январда қарор қабул қилиши кутилмоқда.

24 январда Европа Иттифоқи раҳбарияти ва Британия бош вазири Борис Жонсон Brexit бўйича келишувни имзолаганди.

Британия 31 январда Европа Иттифоқи таркибини тарк этади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид