«Мен коронавирус кенг миқёсда тарқалиши туфайли соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро фавқулодда ҳолат эълон қиламан. Ушбу коронавирус соғлиқни сақлаш тизими кучсиз бўлган мамлакатда тарқалса, қандай зарар етказиши мумкинлигини билмаймиз. Биз мамлакатларнинг мана шундай эҳтимолий вазиятларга тайёр туришларига ёрдам бериш учун ҳозирдан ҳаракат қилишимиз керак», деди ЖССТ директори Тедрос Адханом Гебрейесус ташкилотнинг Женевадаги фавқулодда йиғилишидан кейин.

У Хитой томонидан вируснинг тарқалишини тўхтатиш учун амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолаган ва уларни «бундай вазиятлардаги ҳаракатларнинг янги стандарти» деб атаган. Гебрейесуснинг таъкидлашича, Хитой ҳукумати коронавирус билан курашиш учун барча зарур воситаларга эга, бироқ у вируснинг соғлиқни сақлаш тизими камроқ ривожланган давлатда тарқалиши қандай оқибатларга олиб келишини айта олмайди.

Шу билан бирга, халқаро сафарлар ва савдога чекловлар киритиш учун ҳозирча асос йўқлигини айтилган.

ЖССТ баёнотида қайд этилишича, коронавирус тарқалишини тўхтатиш учун жаҳондаги барча мамлакатлар вирусни эрта босқичда аниқлаш чораларини кўриб, вирусни юқтирганларни изоляция қилиш чораларини кўриши керак.

Бир ҳафта аввалроқ ЖССТ вирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятни фавқулодда вазият деб эълон қилишга ҳали эҳтиёж йўқлигини айтганди. 27 январда эса ташкилот вирус тарқалиши хавфи даражасини «ўртача»дан «юқори»га оширганди.

Охирги маълумотларга кўра, Хитойда коронавирусдан вафот этганлар сони бир кун ичида 43 нафарга ошиб, 213 нафарга етди. Касалланганлар сони 9776 нафарни, даволанганлар сони 187 кишини ташкил қилмоқда.

Бир кун аввал вафот этганлар сони 170 нафарни, касалланганлар сони эса 7711 нафарни ташкил қилаётгани маълум қилинганди. 

Шунингдек, 15238 киши коронавирус юқтирганликка гумон қилинмоқда, касалланганлар билан яқин мулоқотда бўлган 102 минг 427 киши кузатув остида қолмоқда.

Пайшанба куни АҚШ ҳудудида коронавирус инсондан инсонга юқиши билан боғлиқ илк ҳолат тасдиқланди. Бунгача бундай ҳолатлар Германия ва Японияда ҳам қайд этилганди.

Бу бемор мураккаб эпидемик вазият ҳукм сураётган Ухань шаҳридан қайтган 60 ёшли америкалик аёл бўлди. Коронавирус аломатлари унинг Хитойга бормаган турмуш ўртоғида ҳам кузатилган, уларнинг иккиси ҳам касалхонага ётқизилган.