Ўзбекистон | 15:05 / 31.01.2020
5243
3 дақиқада ўқилади

Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик янада ривожлантирилади

Давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш дастурини давом эттириш мақсадида белгиланган тартибда тузилган битимлар бўйича кредитларни молиялаштириш учун тижорат банкларига қўшимча маблағлар ажратилади.

Фото: KUN.UZ

Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Президентининг қарори қабул қилинди.

Қарор билан Мактабгача таълим вазирлиги ва Молия вазирлигининг давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш дастурини давом эттириш мақсадида белгиланган тартибда тузилган битимлар бўйича кредитларни молиялаштириш учун тижорат банкларига қўшимча маблағлар ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Ҳужжат билан қуйидагилар белгиланди: 

а) 2019 йил 1 декабрга қадар мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ишлари 25 фоиздан кам бўлмаган ҳажмда бажарилган битимлар бўйича кредитларни молиялаштириш учун зарур бўлган 182 млрд сўм маблағлар Молия вазирлиги томонидан 2020 йил учун Давлат бюджетида Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига мувофиқ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича харажатлар учун назарда тутилган маблағлар доирасида 2020 йил 1 мартга қадар ажратилади. Бунда, кредитлар 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 1 фоизли ставка бўйича берилади;

б) 2018—2019 йилларда белгиланган тартибда тузилган 300 дан ортиқ битимлар бўйича кредитлар:

Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятларнинг маъмурий марказлари ҳамда иловада келтирилган вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда — 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 12 фоиз ставка бўйича; туманларнинг маъмурий марказларида — 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 8 фоиз ставка бўйича; туманларнинг бошқа ҳудудларида — 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 5 фоиз ставка бўйича берилади;

2020 йилда халқаро молия институтларидан ушбу мақсадлар учун жалб этиладиган имтиёзли кредитлар (қарзлар) ҳисобидан молиялаштирилади;

в) 2021 йил ва келгуси йилларда тузиладиган битимлар бўйича кредитлар:

тижорат банклари томонидан мустақил белгиланадиган фоиз ставкаларида берилади; халқаро молия институтларидан жалб этиладиган имтиёзли кредитлар (қарзлар), шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун аввал ажратилган кредитлар бўйича хусусий шерик томонидан қайтариладиган асосий қарзлар ҳисобидан молиялаштирилади;

г) 2018-2019 йилларда белгиланган тартибда имзоланиб, молиялаштирилмаган ҳамда келгуси йилларда тузиладиган битимлар бўйича кредитлар ушбу битимларда назарда тутилган хусусий шерикнинг ўз маблағлари ҳисобидан бажарилиши (сотиб олиниши) лозим бўлган ишлар (товарлар) тўлиқ амалга оширилганидан сўнг, тижорат банклари томонидан молиялаштирилади.

Мактабгача таълим вазирлиги:

Қоракалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил қилинадиган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини устувор тартибда Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар, шунингдек, вилоят ва туманларнинг маъмурий марказларида ташкил этилишига эътибор қаратади; ҳудудларда мавжуд мактабгача таълим ташкилотларининг қуввати ва қамровини ўрганиб чиқади ҳамда унда яшаётган аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда янги ва фаолият юритаётган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларнинг қўшимча ўринларга бўлган эҳтиёжини аниқлайди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид