Тошкент шаҳрида қабристон бузилиб, ўрнида қандайдир тадбиркорлар қурилиш бошлагани, қабрлар ўрни экскаваторлар ёрдамида суриб ташланаётганда одам суяги чиққани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар жамоатчиликни жунбишга келтирди. Kun.uz мухбири ҳодиса жойида бўлиб, воқеа аслида қандай бўлганини ўрганди ҳамда шу ерда яшовчилар ва мутасаддилар билан суҳбатлашди.

Маълум бўлишича, айни вақтда суяк парчаси экспертизага топширилган. Қабристондаги эски масжид ўрнига янгиси қурилмоқда, бу ишлар қабристонга таъсир қилмаслиги айтилди.

Бахтиёр Қосимов

«Қабристон бузилибди деган хабарни эшитиб, бу ерни ўз кўзим билан кўришга келдим. Оиламизга тегишли ҳилхона жойида турган экан. Худога шукр, тегишмабди.

Наҳотки қабрларни бузворишган бўлса деб роса хавотир билан келгандим. Бир пайтлар бу ерни Қуролли кучлар академияси олармиш деган гап-сўзлар ҳам тарқаганди. Кечаги видеолардан кейин мияга шу нарса уриб қолди. Шу гап рост бўлиб чиқибди-да деб югуриб келдим. Йўқ, эски масжид бузилиб, янгиси қурилаётган экан, хотиржам бўлиб қайтиб кетяпман», дейди Бахтиёр Қосимов.

Дилдора Шамсиева

«Кеча тарқалган видеоларни кўриб кечаси билан мазамиз бўлмади, ухлолмай чиқдик. Кечаси опамга, акамга телефон қилдим. Мана, эрталабдан қабристонга етиб келдик. Отамнинг қабрлари жойида турган экан. Экскаваторлар қабристон чегарасигача қазишибди, холос. Интернетда тарқалган видеоларда қабрлар бузиб ташланди дейилган эди.

Бу ерлар ташландиқмас, қаровли жой. Қабрлар ҳам эски қабрлармас. Биз тез-тез мозорбошига зиёратга келиб турамиз. Болаларимиз масжидга чиқишади. Ҳилхоналаримиз бус-бутун, келиб-кўриб хотиржам тортиб кетяпмиз», дейди Дилдора Шамсиева.

«Эски масжидда охирги жума уч ҳафта олдин ўқилганди. Охирги жумада масжид бузилиши, ўрнига кейинги ҳафтадан янгиси қурилиши бошланиши расман эълон қилинган эди. Унгача намозларни қўшни маҳаллалардаги масжидларда ўқиб туришимизга тўғри келиши ҳақида огоҳлантиришган. Шу гап бўлганига мен гувоҳман. Болалигимиз шу ерда ўтган. Бу ернинг ҳар бир қаричини биламан. Барча қабрлар ўз ўрнида турибди. Бунга яна бир марта ишонч ҳосил қилдик», дейди Бахтиёр Шамсиев.