Жаҳон | 17:27 / 04.02.2020
10197
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларини Исроилники деб тан олиш тўғрисидаги АҚШнинг таклифини қабул қилмади

Фото: AP Photo/Ariel Schalit, архив

Евроиттифоқ Яқин Шарқдаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича ташаббус доирасида Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғидаги Исроил томонидан босиб олинган Фаластин ҳудудларини тан олиш тўғрисидаги АҚШнинг таклифини қабул қилмайди. Бу ҳақда ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг баёнотида маълум қилинди.

"Биз АҚШнинг Иордан водийси ва Ғарбий соҳилдаги бошқа ҳудудларнинг аннексияси эҳтимоли тўғрисидаги баёнотларидан хавотирдамиз. Халқаро меъёрлар ва БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига мувофиқ, ЕИ Исроилнинг 1967 йилдан кейин босиб олинган ҳудудлар устидан суверенитетини тан олмайди", - дейилади баёнотда.

28 январда АҚШ президенти Дональд Трамп Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилишга қаратилган режасини эълон қилди. Ушбу режадан Фаластин ҳудудида қурилган яҳудий аҳоли масканларини Исроилники деб тан олиш, Қуддусни Исроилнинг "бўлинмас" пойтахти, Шарқий Қуддусни эса Фаластин пойтахтига айлантириш таклифи ҳам ўрин олганди. 

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху бу ташаббусни қўллаб-қувватлади, Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос эса қатъиян рад этди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид