«Январь ойи ўрталарида россиялик ва туркиялик ҳарбийлар Идлибдаги деэскалация ҳудудида яна бир марта «сукунат режими»ни ўрнатмоқчи бўлишган. Аммо террорчилар ўз ҳарбий фаоллигини камайтириш ўрнига ҳужумлар сонини оширишган», дейилади Россия ТИВ хабарида.

Вазирлик маълумотида январь ойининг иккинчи ярмида террорчилар мингдан ортиқ ҳужумлар уюштиргани айтилган.

«Сурия ҳарбийлари ва тинч аҳоли ўртасидаги қурбонлар ҳамда жароҳатланганлар сони юзга яқин. Шунингдек, россиялик ва суриялик ҳарбий мутахассислар ҳам фожиали равишда ҳалок бўлишган», дея қўшимча қилинади хабарда. Вазирлик айнан қанча россиялик ҳалок бўлганига аниқлик киритмаган.

2 февраль куни телеграмдаги Baza канали ва Conflict Intelligence Team тадқиқот гуруҳи Идлиб билан чегарадош бўлган Ҳалаб ҳудудида Россия Федерал хавфсизлик хизмати махсус топшириқларни бажарадиган марказининг 4 нафар зобити ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатганди.

Кўп ўтмай Федерал хавфсизлик хизматининг Тамбов области бошқармаси «Коммерсант»га ўзининг собиқ ходимларидан бири - лейтенант Всеволод Трофимов ҳалок бўлганини тасдиқлади.

«Новая Газета» нашри маълумотига кўра, Латақия яқинида Булат Ахматьянов, Руслан Гимадиев, Дмитрий Минов ва Всеволод Трофимов ҳалок бўлган. Бу ҳудудда Туркия ва Сурия ҳарбий доиралари амалдорлари учрашуви ўтказилиши режалаштирилган, Россия томони эса уларнинг хавфсизлигини таъминлаши керак эди.

ОАВ маълумотига кўра, ФХХ ходимлари мерганлар бўлган ва улар минган автомобиль минага тушиб портлаб кетган. Бошқа хабарларга кўра эса, уларнинг автомобили миномётдан ўққа тутилган.

Бу хабарлар Идлибдаги вазият кескинлаша бошлаган вақтда пайдо бўлди. Айни вақтда Сурия ҳукумати қўшинлари шимол томон ҳужум бошлаган. Шу туфайли провинциянинг юз минглаб аҳолиси яшаш жойларини тарк этиб, Туркия билан чегаралар томон йўл олган.