Зиданнинг кубоклардаги муваффақиятсизлиги
Испания Кубоги. 1/4 финал
«Реал» — «Реал Сосьедад» — 3:4 (0:1)
Голлар: Эдегор, 22 (0:1). Исак, 54 (0:2). Исак, 56 (0:3). Марселу, 59 (1:3). Мерино, 69 (1:4). Родригу, 81 (2:4). Начо, 90+3 (3:4).
«Реал»: Ареола, Серхио Рамос, Марселу, Начо, Эдер Милитау, Кроос, Хамес Родригес (Модрич, 46), Диас (Йович, 76), Вальверде (Родригу, 76), Бензема, Винисиус Жуниор.
«Реал Сосьедад»: Ремиро, Монреаль, Элустондо, Горосабель, Ле Норман, Мерино, Субельдия, Янузай (Барренечеа, 46), Эдегор (Гевара, 64), Оярсабаль, Исак (Айен Муньос, 70).
Огоҳлантиришлар: Эдегор, 11. Ле Норман, 19. Субельдия, 66. Эдер Милитау, 77. Горосабель, 86. Винисиус Жуниор, 90+4.
Четлатиш: Горосабель, 90+5.
Ҳакам: Матеу Лаос.
6 февраль. Мадрид. «Сантьяго Бернабеу» стадиони.
«Сантьяго Бернабеу»да басклар билан олдинги чорак финал дуэлини мадридликлар яхши хотира билан эслашади. 1953 йилда бўлгани каби, 1993 йилда ҳам меҳмонлар 4:0 ҳисобида тор-мор этилган, ўша мавсумда «Қироллик клуби» мақомига кўра иккинчи ўринда турувчи миллий кубокни қўлга киритганди. Аммо пайшанба оқшомида «Реал Сосьедад» калтакланадиган болага ўхшамасди, бу жамоа бир неча кун олдин ички чемпионатда аутсайдер «Леганес»га қарши иродасиз ўйин кўрсатиб мағлуб бўлган жамоа эмасди.
Ўйиннинг биринчи бўлимида меҳмонларнинг ҳужумлари фаворитнинг тартибли позицион ҳужумларидек эди. Ўйиннинг илк дақиқалариданоқ бўлажак қаҳрамон Александер Исак фаол ҳаракат қилди, у аввалига Янузай учун голли вазият яратди, бу вазиятда бельгиялик футболчининг зарбасига Милитао оёқ қўйишга улгурди, кейин узоқ масофадан мезбонлар дарвозабонини синаб кўрди. Ареола унинг зарбасини қайтарди, аммо такрорий зарба берган Эдегор осонлик билан ҳисобни очди. Парадокс: норвегиялик футболчи «Сантьяго Бернабеу»да илк голини урди, аммо ўз трансфер ҳуқуқи тегишли бўлган «Реал» учун эмас, унинг дарвозасига. Табиийки, у бу голни нишонламади.

16 ёшида катта шов-шувлар билан Мадридга келган ва «Қироллик клуби»нинг асосий таркибида ўйнаган скандинавиялик футболчи 21 ёшга чиқди. Бир томондан, бу яхши воқеа, аммо бир анъанани қайд этиш керак. Бу мавсумда Мадридда жамоанинг собиқ футболчиларидан тўрт нафари гол уришга эришди, Эдегордан аввалроқ Виллиан Жозе, Борха Майораль ва Пабло Сарабия Мадриддаги мухлисларни ранжитганди. Агар Исак қулай вазиятларни кўкка совурмаганида, басклар танаффусгача ҳам ҳисобни йирик кўринишга келтирган бўларди.

















