Жамият | 13:58 / 08.02.2020
11919
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ўзини туман ҳокимлиги ходими деб таништирган шахс 800 доллар билан ушланди

Тошкент шаҳрида фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш жиноятлари аниқланди. ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси шу ҳақда маълумот берди

Фото: ИИВ ахборот хизмати

2020 йил 4 февраль куни Ички ишлар вазирлигига Н.О. исмли фуқаро ариза билан мурожаат қилган. 

У ўзини Олмазор тумани ҳокимлигининг ходими деб таништирган “Бекзод” исмли шахс туман ҳудудидан автомашина ювиш шохобчасини бизнесини юритиш учун ер олиб беришга туман ҳокимининг қарорини чиқариб бериш эвазига ҳокимлик масъул ходимларига бериш учун 5.000 АҚШ доллари ва давлат божи учун 600 АҚШ доллари беришини талаб қилиб, шундан давлат божи учун 600 АҚШ доллари олганлигини ва қолган 5.000 АҚШ доллари ҳисобидан олдиндан 800 АҚШ доллари беришини талаб қилаётганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. 

Мазкур аризага асосан, шу куни ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, гумонланувчи фуқаро У.Б. Шайхонтоҳур туманидаги “Беруний” метро бекати яқинида аризачидан 800 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. 

Дастлабки суриштирув жараёнида фуқаро У.Б. илгари 2018 йилда ЖКнинг 168-м., 28,211-моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этгани учун судланганлиги аниқланган.

Ҳозирда фуқаро У.Б. ЖПКнинг 224-моддаси тартибида ушланиб, унга нисбатан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид