Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Танқидга муносабат: Самарқанддаги корхона бадбўй ҳид тарқатаётган оқова сув қувурларини кўмиб ташлади
2019 йил 29 июнь куни Kun.uz’да Оқдарё тумани ва Фарҳод шаҳарчаси оралиғидаги аҳоли пунктларидаги экологик вазият ҳақида «Одамлар нафас олишга қийналмоқда: Оқдарёда аммиак чиқиндиси ҳавони чидаб бўлмас даражага келтирган» сарлавҳали суриштирув эълон қилинганди.
Хусусан, ўрганиш жараёнида аҳоли Фарҳод шаҳарчасидаги сув тозалаш иншоотидан бадбўй ҳид тарқалишидан шикоят қилган, сув тозалаш иншооти вакиллари эса ҳовузларидаги тозаловчи бактерияларга ширинмия илдизини қайта ишлашга мослашган «Райс продакшн бизнес» МЧЖдан келадиган аммиакли оқова сувлар зарар етказаётганини маълум қилганди.
«Райс продакшн бизнес» МЧЖ директори мақолада келтирилган ҳолатга бутунлай барҳам берилганини маълум қилиб Kun.uz’га мурожаат қилди.
Корхона директори имзоси билан келган мактубда сув иншоотига борадиган канализация тармоғи аҳоли ва «Сувоқова» ДУК вакиллари иштирокида кўмиб юборилгани маълум қилинган.
Шунингдек, тўпланиб қолаётган чиқиндиларнинг бир қисми Самарқанд шаҳридаги махсус чиқинди полигонига олиб борилаётгани айтилган. Ушбу чиқиндилар, қишлоқ хўжалигида ўғит вазифасини бажариши сабабли чиқиндиларнинг қолган қисми бир қатор корхоналарга шартнома асосида етказиб берилаётгани таъкидланиб, тегишли ҳужжатлар илова қилинган.
«Бугунги кунда барча муаммо бартараф этилган бўлиб, корхонамиз томонидан табиатга ва сув иншоотига ҳеч қандай зарарли чиқинди ташланмайди. «Райс продакшн бизнес» МЧЖ жамоатчилик фикрини инобатга олади ва қадрлайди», дейилади корхона томонидан юборилган муносабатда.
Мазкур корхонада бўлиб, кўмиб ташланган канализация қудуғи ўрни ва чиқиндиларнинг қай тартибда полигон ҳамда бошқа корхоналарга етказиб бериш тартиби билан танишдик. Фарҳод шаҳарчасида жойлашган сув тозалаш иншооти ҳозирги кунда «Райс продакшн бизнес» МЧЖ корхонасидан иншоотга оқова чиқиндилар келмаётганини тасдиқлади.
Маълум бўлишича, «Райс продакшн бизнес» МЧЖ айни дамда ширинмияни тозалашдан чиққан аммиакли сувни талабгор корхоналарга ўғит сифатида сотмоқда.
Мавзуга оид
13:33 / 03.02.2026
Самарқандда икки туманга янги ҳокимлар тайинланди
09:55 / 31.10.2025
Ўзбекистонда 42 та маиший чиқинди полигони ёпилди
10:36 / 02.05.2025
80 гектардан ортиқ ер майдони чиқинди полигонларидан табиатга қайтарилди
17:41 / 22.02.2025