Жамият | 09:20 / 11.02.2020
19268
3 дақиқада ўқилади

«Матиз»нинг капотига осилиб қолган ЙПХ ходими иштирокидаги видео бўйича расмий маълумот берилди

Ҳайдовчи “Матиз”ни олдида турган инспектор устига ҳаракатлантиришни бошлаган ва ЙПХ инспектори транспорт воситасининг капотига осилиб қолган

Фото: Видеодан кадр

2020 йил 29 январь куни ижтимоий тармоқларда “Матиз”нинг капоти олдига осилиб қолган ЙПХ ходими акс этган видео тарқалди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг 27 январь куни соат 10:00лар атрофида Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани марказида жойлашган туман прокуратураси биносидан деҳқон бозорига ўтиш учун мўлжалланган пиёдалар ўтиш йўлагининг устида, “Матиз” русумли давлат рақам белгиси транспорт воситаси ҳайдовчиси “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 91-бандида кўрсатилиб ўтилган талабларни бузган ҳолда тўхтаган.

Ушбу ҳудудга дислокация асосида хизмат олиб бориш учун бириктирилган Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ отряди 2-сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори М.Тошпўлатов “Матиз” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси содир этган қоидабузарликни визуал кузатув орқали аниқлаган ва содир этган қоидабузарлиги юзасидан маъмурий баённома расмийлаштириш мақсадида ҳайдовчи томонга ҳаракатланган.

Йўл-патруль хизмати инспектори келаётганлигини кўрган ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилишини англаган ва жавобгарликдан бўйин товлаш мақсадида ходимнинг қонуний талабига бўйсунмасдан “Матиз” русумли транспорт воситасини олдида турган инспектор устига ҳаракатлантиришни бошлаган ва ЙПХ инспектори М.Тошпўлатов транспорт воситасининг олд қисми (капоти)га осилиб қолган.

Транспорт воситаси капоти устида бўлган йўл-патруль хизмати инспекторини кўриб била туриб ҳайдовчи М.Улуғбек кўчаси бўйлаб тахминан 70 метр масофагача ҳаракатланган ва ЙПХ инспектори ерга йиқилиб тушган. Ҳайдовчи эса автомашина ҳаракатини давом эттирган.

ЙПХ инспектори М.Тошпўлатов бўйсунмай кетган ҳайдовчи бошқарувидаги транспорт воситаси тўғрисидаги маълумотни алоқа воситаси орқали бошқа ЙПХ инспекторларига етказган.

Олиб борилган тезкор ҳаракатлар давомида Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ отряди 2-сафарбар гуруҳи ЙПХ катта инспектори З.Зокиров бўйсунмай ҳаракатланган ҳайдовчи бошқарувидаги “Матиз” русумли транспорт воситасини тўхтатган.

Ҳайдовчи, 1999 йилда туғилган, Сариосиё туманида яшовчи фуқаро Ё.О.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси тартибида баённома расмийлаштириб транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилган.

Ҳолат юзасидан Сариосиё тумани прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Мавзуга оид