«Ғишткўприк» чегара-божхона пости

Расмий маълумотга кўра, 2019 йилда Ўзбекистон божхона чегаралари орқали 42,6 млн. жисмоний шахс ўтиб қайтган.

Жумладан, Қозоғистон билан чегаралардаги постлардан ўтган жисмоний шахслар сони 16,2 млн нафарни, автотранспорт воситалари сони эса 718,1 мингтани ташкил қилган.

«Ғишткўприк» чегара-божхона пост бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Саидовнинг айтишича, 2020 йилнинг 1 январига қадар жисмоний шахсларнинг белгиланган меъёрлардан ортиқча товарлари учун умумбелгиланган тартибда божхона тўловлари ундирилган.

Масалан, бу кийим-кечаклар учун 61 фоиз, телевизорлар учун 84 фоиз, шоколадлар учун – 61 фоизни ташкил қилган.

Илгари божхона тўловларини умумбелгиланган тартибда ҳисоблаш ва ундириш жараёнларига ҳар бир жисмоний шахс учун 40-50 дақиқа, товарлар ортилган 1 та енгил автотранспрот воситасига эса ўртача 2 соат вақт сарфланган.

Эндиликда эса 1 нафар жисмоний шахс учун ўртача 10 дақиқа, товарлар ортилган 1 та енгил автотранспорт воситаси учун эса 15 дақиқа кифоя қилмоқда.

Отабек Чориев, Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи

Маълумки, жисмоний шахсга ҳаво йўллари орқали кириб келишда – 2000 АҚШ доллари, темир йўл орқали – 1000 АҚШ доллари, автомобилда ёки пиёда равишда кириб келса – 300 АҚШ доллари миқдоридаги шахсий эҳтиёж учун мўлжалланган товарларни божсиз олиб киришга рухсат этилади.

Тадбирда айтилишича, «Ғишткўприк» чегара-божхона пости Ўзбекистондаги йирик постлардан бири ҳисобланади ва турли хил навбатда кутиш каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида фуқаролар чиқиш ва кириш постлари алоҳида-алоҳида қурилган.