Март ойидан бошлаб Дэвид Бекҳэм эгалигидаги «Интер Майами» клуби МЛСда ўз иштирокини бошлайди. Бу воқеага узоқ тайёргарлик кўрилди: клуб лигада олдинроқ қўшилиши керак эди, аммо ҳар сафар собиқ футболчи олдида муаммолар қалқиб чиқарди. Гоҳида стадион билан, гоҳида эса бизнес-ҳамкорлар билан. Ниҳоят, бу йил Бекҳэмнинг режалари амалга ошиш арафасида.

 «Интер Майами» учун қурилган стадион деярли тайёр ҳолга келди. Арена 2021 йилда фойдаланишга топширилади. Унгача эса клуб эски «Майами Фьюж Локҳарт» стадионида тўп суради. «Интер Майами» янги мавсумдаги илк учрашувини айнан ушбу стадионда 14 март куни «ЛА Гэлакси» клубига қарши ўтказади.