Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 12 февраль куни маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

«Маҳалла тизими жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланади. Охирги уч йилда уни ривожлантириш борасида қатор амалий ишлар амалга оширилди.

Хусусан, маҳалла институтига оид 38та қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, 50дан ортиғи такомиллаштирилди. Жамият ҳаётида жонбозлик кўрсатган соҳа ходимлари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котибларининг ойлик иш ҳақи ўтган йилнинг ўзида 1,5 баробарга оширилди.

Сўнгги уч йилда 624 та маҳалла идораси янгидан қурилди, 2 минг 265 таси реконструкция қилинди ва таъмирланди. 102та туман ва шаҳар марказида «Маҳалла маркази» мажмуалари барпо этилди. Ҳар бир фуқаролар йиғинида «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари, 4 мингдан зиёд маҳалла биноларида кутубхоналар ташкил қилинди.

Маҳалла фаолларининг масъул ташкилотлар ва профилактика инспекторлари билан ҳамкорлигида охирги уч йилда 87 мингга яқин кам таъминланган оила эҳтиёжмандлик даражасидан чиқарилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда президент маҳалла тизимидан халқ ҳам, давлат ҳам тўла рози эмаслигини, бу соҳада камчилик ва долзарб масалалар кўплигини таъкидлади. 

«Хусусан, маҳаллаларда 18 мингдан ортиқ ходим фаолият кўрсатиб келаётган бўлса-да, уларнинг иши самарали ташкил этилмаган. Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизим йўлга қўйилмаган. Оқибатда айрим маҳаллаларда нотинч оилалар, ҳуқуқбузарликлар кўпайган. Шунингдек, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар орасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари учраётгани жуда ачинарли», дейилади хабарда.

Йиғилишда оилавий ажримлар, ёшлар саломатлиги, эрта туғруқлар, маънавий-ахлоқий тарбия билан боғлиқ муаммолар кўрсатиб ўтилди. 

«Оила – муқаддас» деган азалий ва эзгу ғоя қадрсизланиб, минг йиллик миллий қадриятларимиз завол топар экан, бу каби оғриқли ҳолатларни камайтириб бўлмайди. Бунинг учун маҳалла катта ижтимоий куч сифатида майдонга чиқиши керак. Чунки фаоллар, кўпни кўрган оқсоқоллар, тажрибали нуронийларимиз, агар истаса, жамоатчилик билан биргаликда ҳар қандай муаммони ҳал қилишга, хато қилган ёшларни тўғри йўлга солишга қодир», – деди Шавкат Мирзиёев.