Бу кўрсаткич йилдан-йилга ошиб бориб, 2017 йилда 31 минг 950 та, 2018 йилда 32 минг 300 ва 2019йилнинг 11 ойи давомида 28 минг 755 тага етган.

Тўғри, Ўзбекистонда оилавий муаммо ва низоларни ҳал қилишга қаратилган бир қатор ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Бу борада ҳокимлик ва унинг тизимидаги маҳалла ва фуқаролар йиғинларининг ваколатлари ҳам оширилди, бироқ ажримлар даражаси камаяётгани йўқ, аксинча, рақамлар аёвсиз ўсишда давом этмоқда.

Kun.uz мухбири «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг собиқ раҳбари ва ҳозирда Олий мажлис сенати аъзоси Дилором Тошмуҳаммедова билан интервью уюштирди ҳамда мавзу юзасидан қатор саволларга жавоб олди.

— Бизда давлат ҳокимиятининг оила институтига ҳаддан ташқари кўп аралашувини, таъсирини кузатиш мумкин. Ҳатто буни оқловчи қонуний асослар ҳам яратиб қўйилган. Бу аралашувлар эса ажримларнинг олдини олиш, унга қарши курашиш билан изоҳланади.

Аммо кўряпмизки, бу таъсир кучи қанчалик ошмасин Ўзбекистонда ажримлар сони камаяётгани йўқ.

Сиз деярли икки йил давомида «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказида раҳбар сифатида ишладингиз. Бу соҳада тажрибангиз бор. Айтинг-чи, давлат ва оила институтларининг ўзаро муносабатлари тўғри ташкил қилинган жараёнда қандай бўлиши керак?

— Ниҳоятда мураккаб савол. Лекин келинг, чуқурроқ бир фикр юритиб кўрамиз. Сиз ҳозир оилага институтига давлатнинг аралашуви кўп деб энг охирги босқичини гапиряпсиз.

Аслида оила бу қандай институт? У ҳар қандай жамиятнинг ўзаги, ҳар битта давлатнинг энг асосий, базавий қисми. 

Бизда оила бўйича алоҳида моддалар конституцияда ҳам ёзилган. Қолаверса Оила кодекси мамлакатдаги асосий қонунлардан бири сифатида қўлланиляпти. Шу нуқтайи назардан, оила халқимиз учун ниҳоятда муҳим. У энг азалий ва қадимий қадрият. Бу қадриятларни эса биз учун ўзига хос афзалликлари бор. Масалан, ёшларнинг катталар ва оилани қадрлаши.

Бошқа давлатларнинг тарихини кўринг. Уларнинг ҳаммаси ҳам ислом цивилизациясига ҳавас билан қарашган, ўрганишган.

Биласиз, инсон камолоти борасида бизнинг ота боболаримиз томонидан жуда кўп асарлар ёзилган. Уларда эса инсоннинг фақат оилада камолотга эришиши ёзилади. Шу маънода ҳам оилани эъзозлаш бизнинг халқни қон-қонига сингиб кетган қадрият ҳисобланади.