Ўзбекистонда «пахта иши» ва қўшиб ёзишлар ҳамон давом этмоқда. Хусусан, Kun.uz таҳририятига келиб тушган маълумот, республиканинг Сурхондарё, Фарғона, Тошкент, Жиззах, Наманган ва Андижон вилоятларида «Пахта-2019» мавсумида йирик миқдорда кўзбўямачиликлар бўлганини кўрсатмоқда. Жумладан, Сурхондарё вилоятидаги 7та масъулияти чекланган жамиятларда умуман қабул қилинмаган 22,3 минг тонна оқ-олтин «қабул қилингани» ҳақида ҳисобот берилган.

Kun.uz таҳририяти ихтиёрига Давлат статистика қўмитасига йўлланган хат нусхаси келиб тушди. Унда Ўзбекистонда 2019 йилги пахта ҳосили йиғим-терим мавсумига доир ҳисоботида қўшиб ёзишларга йўл қўйилгани ҳақида сўз боради.

Жумладан, хатда шундай дейилади:

«...37та пахта тозалаш корхоналари, 76та пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ҳамда 7та масъулияти чекланган жамиятда 2019 йил ҳосилидан қабул қилинган пахта хомашёси статистик ҳисоботлар ва мавжуд ҳужжатларга мувофиқлиги юзасидан назорат тадбирлари ўтказилди. Назорат тадбирларида пахта тозалаш корхоналари ҳамда пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларининг статистик ҳисоботларида 2019 йил 1 декабрь ҳолатига қабул қилинган пахта хомашёсининг миқдори 2 млн 830,3 минг тоннани гашкил этган ёки Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 декабрдаги «2019 йилда навлари бўйича жойлаштирган ва пахта хомашёси етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида»ги 1037-сонли қарори билан тасдиқланган 2 млн 958 минг тонна прогноз ҳажмларига нисбатан 95,7 фоизга бажарилган. Шундан пахта тозалаш корхоналарига 775 минг тонна, пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига 2 млн 33 минг тонна ҳамда масъулияти чекланган жамиятларга 22,3 минг тонна тўғри келган.

Ўтказилган назорат тадбирлари натижасида ҳақиқатда қабул қилинган пахта хомашёсинниг миқдори 2 млн 697,1 минг тоннани ташкил этган бўлиб, шундан пахта тозалаш корхоналарига 775 минг тонна ҳамда пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига 1 млн 922,2 минг тонна тўғри келди.

Пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ҳамда масъулияти чекланган жамиятлари томонидан қабул қилинган пахта хомашёси миқдорининг статистик ҳисоботларида қабул қилинган пахта хомашёсига нисбатан 142,9 минг тоннага (4,5 фоиз) кўп қўшиб кўрсатилиб келинган. Шундан 120,6 минг тоннаси пахта ишлаб чиқаришлари ва кластерлари томонидан кўрсатилган бўлса, 22,3 минг тонна умуман пахта хомашёси қабул қилмаган Сурхондарё вилоятидаги 7та масъулияти чекланган жамиятларига тўғри келади.