Ўзбекистон | 00:05 / 15.02.2020
24539
2 дақиқада ўқилади

Президент: 2021 йилдан бошлаб давлатга ғалла сотиш режасини тўлиқ бекор қиламиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 февраль куни мева-сабзавотчилик кластерларини самарали ташкил қилиш, пахтачилик кластерлари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда давлат эҳтиёжлари учун пахта ва ғалла етиштириш тизимидан босқичма-босқич воз кечиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ҳозирги вақтда ҳам уруғ ва кўчатни четдан катта маблағ эвазига олиб келяпмиз. Бу биз кутган натижани бермади, бермаяпти. Негаки, ҳеч қайси давлат бизга энг зўр, сара уруғни етказиб бермайди. Хўш, нима қилиш керак?

Энди ҳокимлар ортиқча мажлисбозликни йиғиштириб, ёнига ернинг тилини биладиган, илм билан шуғулланган олимларни олиши керак. Ўзимизнинг иқлимимизга мос, шароитимизга тўғри келадиган уруғ-кўчатларни яратишимиз лозим.

Биз қишлоқ хўжалигида инқилобий ҳаракатларни бошладик. Соҳага кластер кириб келди. Энди ғалла ва пахта хом ашёсини давлат фермердан эркин бозор нархида сотиб олиши ҳақида гапиряпмиз. Биз бу жараённи икки босқичда амалга оширмоқчимиз. Масалан, жорий йилда етиштириладиган ҳосилдан давлат эҳтиёжлари учун сотиладиган ғалла ҳажми 35 фоизга камайтирилади.

Яъни, бу йил республика бўйича қўшимча 1 миллион тонна ғалла фермерлар ихтиёрида қолади. Шу ўринда бир савол туғилади. Энди ўзида қоладиган юз тонна ғаллани сақлаш учун фермернинг шароити борми? Ўзи билан ҳамкорлик қиладиган, қайта ишлаб чиқарадиган корхона билан шартномаси борми? Бу саволлар энди ҳокимларимизни қийнаши керак.

2021 йилдан бошлаб давлатга ғалла сотиш режасини тўлиқ бекор қиламиз», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид