Бизнингча, бу жуда кўп. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 2018 йил ЙТҲда ҳалок бўлганлар сони бўйича Ўзбекистон дунёнинг 175та давлати орасида 117-ўринда қайд этилган. Ўша йили Ўзбекистонда ЙТҲ натижасида ҳалок бўлганлар сони ўртача 100 минг кишига 11,5 нафар одамдан тўғри келган.
175 давлат орасида 117-ўрин бир қарашда биздан ҳам аҳволи ёмонлар бор экан-ку, деган юпатувчи хулоса уйғотиши мумкин, лекин йўлларда бир кишининг ўлиши ҳам кўп!
Хўш, автоҳалокатлар нега бу қадар кўп одамнинг умрига зомин бўлмоқда? Қуйида бу саволга жавоб излаймиз.
Ҳайдовчилар
Афсуски, бизда аксар ҳайдовчиларнинг маҳорати қониқарли эмас. Шунчаки машина ҳайдашни билиш бошқа, уни маҳорат билан бошқариш бошқа. Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларини ҳам кўпчилик яхши билмайди. Бу ҳолатнинг сабабларини аввало ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тизимидан қидириш керак.
Яшириб нима қиламиз, бизда ҳайдовчилик гувоҳномасини номигагина имтиҳон олиб, бериб юбораверишади. Ҳатто имтиҳондан ўта олмаганлар кейинчалик қандайдир йўл билан «права» олиб кетишади.
Бу масалада йирик шаҳарлардаги ҳайдовчиларни тайёрлаш мактабларида аҳвол бирмунча яхши. Улар ўзи ўқитаётган фуқароларнинг билим ва кўникмаларини ошириш учун меҳнат қилишади, аммо чекка ҳудудларда жойлашган автомактаблар ҳақида бундай деб бўлмайди. Уларнинг аксари ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга талабгор бўлган фуқарони шартнома асосида ўқишга қабул қилади, кейин у дарсга келяптими, йўқми назорат қилишмайди. Курс тугагач «йўлини қилиб» гувоҳномани олиб беришади. Шу билан ҳар икки тараф хурсанд: бири ҳайдовчилик гувоҳномасини олади, иккинчиси билимсиз «ўқувчи»дан осон қутулади.
Менимча, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тизимини ўзгартириш керак. Гувоҳномани олишни хоҳлайдиганларга талабларни қийинлаштириш керак.
Хорижда юрган ватандошларимиз ижтимоий тармоқларда Европада, АҚШ ва Канадада ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш осон эмаслиги, бу учун такрор-такрор имтиҳон топширишларини айтишади.
Ҳайдовчиларнинг маҳорати камлигига биргина мисол: жорий йил январь ойида Қарши-Самарқанд йўлининг Нуробод туманидан ўтган қисмида юз берган ЙТҲ оқибатида бир неча ўн автомобиль жиддий зарар кўради. Юзлаб автомобиллар бир неча соат тирбандликда қолиб кетди.


















