Ўзбекистон иқтисодиёти иқтисодий ўсиш ва инсон фаровонлигини таъминлаш мумкин бўлган инвестицияларга жуда муҳтож. Инвестицияларни (ҳам маҳаллий, ҳам хорижий) жалб қилиш учун қулай инвестиция муҳити зарурлиги барчага маълум. Мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси инвестицион муҳитнинг муҳим унсуридир.

Инвестор бизнесига ўз маблағи ва меҳнати, тажрибасини, инновацион ишланмаларини киритади. Шу билан бирга, у кўплаб хатарларга дуч келади. Ўзбекистон шароитида улар ичида энг асосийси рейдерлик ҳужумлари оқибатида мулкидан айрилиш хавфидир. Афсуски, бизда кўпинча давлат амалдорлари бош «қароқчи» ролини ўйнайди.

Маданиятли мамлакатларда мулкдорнинг манфаатларини суд тизими ҳимоя қилади. Афсуски, Ўзбекистонда бундай эмас. Судлар кўпинча ўзлари ҳимоя қилишлари керак бўлган қонунларни рад этиб, «дунёнинг устунлари»: давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг айтганини қилади. Улар деярли ҳар доим давлат органларидан келадиган даъво ва аризалар матнларини нусха кўчиргандек қайта ёзиб чиқишади. Ва бунда одатда ҳеч қандай асос ёки далиллар талаб қилинмайди.

Менимча, бу бугунги кунда инвестицион муҳит сифатининг биринчи ўринда турадиган муаммоси. Шунинг учун ҳар бир алоҳида ҳолатда қонунга риоя қилинишини таъминлаш жуда муҳим ва судлар қачон ўз вазифаларини виждонан бажаришга киришишига эътибор қаратиш лозим.

2020 йил 10 январда Ўзбекистон суд тизими тарихида муҳим воқеа содир бўлди. Тошкент туманлараро иқтисодий суди судья М.Эргашев раислигида етказилган зарар ва давлат тўловларини «Совпластитал»нинг собиқ акциядори Қобилжон Бекхўжаев фойдасига ундириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Kun.uz сайти бу ишнинг бошланишини ёритганди. Масаланинг моҳиятини қисқача эслатиб ўтаман.

«Совпластитал» компанияси 2017 йилда қонуний эгаларидан тортиб олинган. Бунга асос эса гўёки 1997 йилда амалга оширилган «нотўғри» хусусийлаштиришдир.

Айнан ўша пайтда Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ва «Совпластитал» ўртасидаги шартномага мувофиқ, корхона акциялари қуйидагича тақсимланган: давлатга – 30 фоиз, меҳнат жамоасига – 60 фоиз, хорижий компанияларга – 10 фоиз. Бундай ёндашув ўша даврдаги хусусийлаштириш қоидалари ва амалиётига тўлалигича мос эди.

Нега тўсатдан 20 йилдан кейин ушбу шартномани бекор деб ҳисоблашга қарор қилишди? Қандай асосларда? Мен даъво аризаларини ўқиганимда (улар иккита эди), суд қарорида уларни топа олмадим. Амалдорлар шунчаки «хусусийлаштириш нотўғри ўтказилган» деган ва суд итоаткорлик билан бунга рози бўлган.