Жаҳон | 10:21 / 19.02.2020
6956
2 дақиқада ўқилади

Туркия Идлиб бўйича Россия билан олиб борилаётган музокаралардан қониқиш ҳосил қилмади

Россия ва Туркиянинг Суриянинг Идлиб вилоятидаги вазият бўйича олиб бораётган музокаралари “ҳозирча қониқарли натижаларни олиб келмади”. Туркия Россия томонидан таклиф қилинаётган ҳужжатлар ва харитани қабул қилмаган. 

Иброҳим Қалин / Фото: Emrah Gurel / AP

Бундай фикрни Туркия президенти матбуот котиби Иброҳим Қалин билдирди, деб хабар берди Haberturk нашри. 

“Туркия ва Россиянинг Идлиб бўйича музокаралари бизни қондириши мумкин бўлган бирорта натижага олиб келмади”, деб айтган Қалин.  

Унинг таъкидлашича, Туркия Россия томонидан таклиф қилинаётган ҳужжатлар ва харитани қабул қилмаган, бироқ Москва ва Анқара музокараларни давом эттиришга келишиб олган. Шу билан бирга Туркия Сочида эришилган келишувларнинг бажарилишини талаб қилмоқда. Бу келишувлар Идлибда деэскалация ҳудудларининг ташкил этилиши ва Сурия ҳукумати назоратида бўлмаган ҳудуд периметри бўйича ўт очишни тўхтатишни кўзда тутган.

Қалин Анқара Идлибдаги деэскалация ҳудудидаги кузатув пунктлари жойини ўзгартирмаслиги ва бу ҳудудга “тинч аҳолини ҳимоялаш мақсадида” қўшин ва ҳарбий техника жўнатишни давом эттиришини қўшимча қилган.

Эрдўғаннинг матбуот котиби турк ҳарбийларига ҳужум содир этилса, ҳужум қилаётган томон “қатъий жавоб” олишини таъкидлаб ўтган. 

У, шунингдек, Сурия ҳукумати Идлибда эркин тарзда амалиётлар ўтказиши мумкинлигига ҳеч қандай асос йўқлигини, айнан ҳукумат қўшинларининг ҳужумлари Суриядаги тинчлик жараёнига халақит қилаётганини қўшимча қилган. 

12 февралда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Москва ва Дамашқни Идлибдаги вазиятни тартибга солиш бўйича келишувга амал қилмаётганликда айблаган. Унинг таъкидлашича, президент Башар Асад кучлари россиялик ҳарбийлар билан бирга маҳаллий аҳолига ҳужум қилмоқда. Россия мудофаа вазирлигида Эрдўғаннинг бу сўзлари рад этилиб, Идлибдаги ихтилофнинг авж олишига Туркиянинг ўз ваъдаларини бажармаётгани сабаб ҳисобланиши айтилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид