Йиғилиш аввалида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Ўзбекистон раҳбарини ташрифи билан қутлаб, икки мамлакат парламентлари, давлат идоралари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганидан мамнунлигини билдирди.

Эрдўған, шунингдек, Ўзбекистон билан қўшма лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев делегацияга кўрсатилаётган меҳмондўстлик ва чексиз ҳурмат учун Туркия раҳбари ва халқига ташаккур изҳор этди.

«Бу учрашув – стратегик шериклигимиз юксак босқичга кўтарилганининг яққол ифодасидир. Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда беш миллиард долларга етказишга қаратилган устувор вазифаларни бажаришда ҳам ушбу кенгаш, албатта, муҳим замин бўлади.

Биз бугунги йиғилиш натижаларини мустаҳкамлаб, келгуси йили бўлиб ўтадиган учрашувнинг кун тартиби ва ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишлари ҳақида ҳозирдан ўйлашимиз мақсадга мувофиқдир», деди Шавкат Мирзиёев.

Икки давлат раҳбарларининг қўллаб-қувватлаши ва яратилаётган шароитлар натижасида ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш мумкинлиги таъкидланди.

Йиғилишда Ўзбекистон ва Туркия савдо вазирлари сўзга чиқиб, икки томонлама ҳамкорлик ривожи тўғрисида батафсил ахборот берди.

Музокараларда мамлакатларимиз ҳамкорлигига оид барча масалалар ва уларнинг ечимлари, истиқболдаги асосий вазифалар ҳамда қўшма лойиҳалар келишиб олинди.

Шавкат Мирзиёев Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш учун Ражаб Тоййиб Эрдўғанни Ўзбекистонга таклиф қилди.

Кенгашнинг биринчи йиғилиши якунлари бўйича қўшма баёнот ва икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Шунингдек, учрашувлар якуни бўйича журналистлар учун брифинг ўтказилди.