Инқилобдан кейинги энг мураккаб вақт
Айни дамда Эрон сиёсий ва иқтисодий инқирозни бошдан ўтказмоқда. Мамлакатдаги вазият 1979 йилги инқилобдан кейинги энг мураккаб ҳолатда. Охирги ярим йилда шунчалик кўп ишлар бўлиб кетдики, парламент сайловларининг натижаларига қизиқиш ўз-ўзидан ортди.
Аввалига одамлар нарх-наво, хусусан бензин нархи ошганига норозилик билдириб намойишга чиқди. 2019 йил ноябрда бўлиб ўтган бу намойишлар шунчалик кенг қамров олдики, бу 1979 йилдаги инқилоб тантанасидан кейинги энг катта намойиш эди.
Турли манбаларга кўра, ноябрдаги намойишларда бир неча юзлаб, яна баъзи манбаларда 1,5 минг одам ўлдирилгани айтилади.
2020 йил январда эса Эрон тарихида ўзгариш қилган яна бир воқелик содир бўлди. АҚШ президенти Дональд Трампнинг шахсий топшириғига кўра, Эрон иқлом инқилоби муҳофизлари корпуси махсус бўлинмаси қўмондони генерал Қосим Сулаймоний Бағдодда ўлдирилди. Бу нафақат Эрондаги, балки бутун дунёдаги воқеаларнинг «оёғини осмондан» қилиб юборди.

Сулаймонийнинг қасосини олишга киришган Эрон АҚШнинг Ироқдаги базасига ракета зарбаларини амалга оширди. Намойишлар сабаб тарқоқлашиб кетиш хавфи бўлган мамлакат айнан мана шу воқеа сабаб бирлашди. Миллат Қосим Сулаймоний жанозасига бирлашди ва бу АҚШ учун шунчалик қўрқинчли тус олдики, океанортида одамлар «Бизни ўлдирманглар» деган баннерлар кўтариб, тинчлик намойишларига чиқишди. Америкалик сиёсатчилар Эроннинг қасосидан қўрқаётганини яширишмади.
Аммо форсларни бирлаштирган бу воқеадан кўп ўтмай воқеалар ривожини кескин ўзгартирган хато юз берди: АҚШ базасига зарба бераётган Эрон ҳарбийлари «хатолик сабаб» Украина самолётини уриб туширишди.
Оқибатда 176 киши ҳалок бўлди. Уларнинг аксари – Эрон фуқаролари ва Канада фуқаролигини олган эронликлар эди. Эрон бу ишни хато сабаб қилганини расман тан олгач, Эронда яна намойишлар бошланди. Одамлар мамлакатнинг амалдаги раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий истеъфога чиқишини талаб қилиб чиқишди.
Эронда инқилобдан сўнг оятуллоҳнинг мавқейи ақл бовар қилмас даражада кўтарилиб кетган. Расман Ислом Республикаси деб эълон қилинган давлатда диний раҳнамонинг асосий бошқарувчи бўлиши тушунарли ҳолат. Мана шундай давлатда олий диний раҳнамо истеъфосини сўраб намойишга чиқишдими, мамлакат қандай ҳолатда эканини тасаввур қилаверинг.










