Президентнинг “Тошкент давлат иқтисодиёт университетида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қиладиган иқтисодиёт соҳасида кадрларни тайёрлаш борасида бугунги кунда ўз ечимини кутаётган долзарб муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Булар:

биринчидан, шиддат билан ривожланаётган амалий жараёнлар, мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш, уни ҳар томонлама комплекс ривожлантиришга хизмат қиладиган илғор тажрибаларнинг таълим йўналиши ва мутахассисликлари ўқув режалари ва фан дастурларида ўзининг аксини топмаётганлиги, назарий билимларнинг амалиёт билан узвий боғланмаганлиги юзага келган;

иккинчидан, глобаллашув шароитида иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларида юз бераётган таркибий ўзгаришлар, иқтисодчи мутахассис кадрларга бўлган янгича талабларнинг вужудга келаётганлиги, ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, рақамли иқтисодиётни жорий этиш бўйича замон талабига мос бўлган олий маълумотли ва танқидий таҳлил қилиш компетенциясига эга бўлган кадрларга бўлган эҳтиёж юқорилигича қолмоқда;

учинчидан, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик салоҳияти, касбий билим даражаси, шунингдек, амалиётда юз бераётган ўзгаришлар билан уйғун ҳолда тажрибаларини мунтазам ошириб бориш механизмларини жорий этиш, касбий маҳоратларини оширишда хорижий илмий тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илғор тажрибаларидан фойдаланиш йўлга қўйилмаган;

тўртинчидан, олий таълим–илм-фан–ишлаб чиқариш ўртасидаги самарали интеграциянинг ўрнатилмаганлиги, илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашда эскича қарашнинг сақланиб қолаётганлиги, илмий изланиш натижаларининг амалиётга жорий этиш, уларни тижоратлаштириш билан боғлиқ тўсиқларнинг мавжудлиги, ижтимоий-иқтисодиёт соҳасида олиб борилаётган илмий изланишларнинг реал ҳаётда мавжуд бўлган муаммолар ечимига қаратилмаганлиги оқибатида илмий фаолиятнинг самарадорлиги пастлигича қолмоқда;

бешинчидан, профессор-ўқитувчилар томонидан аудиторияларда профессионал даражада билимларнинг берилмаётганлиги, талабалар билимини баҳолашда адолатли ва шаффоф тизимнинг яратилмаганлиги, талабаларнинг ишлаб чиқариш ва малакавий амалиётларини самарали ташкил этилмаганлиги битирувчиларнинг меҳнат бозори талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги ҳамда мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олмаётганлигига олиб келмоқда.