Жанубий Корея соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, шанба ва якшанба кунлари мамлакатда мос равишда 229 ва 123та коронавирус юқтиришнинг янги ҳолатлари аниқланган. Эндиликда мамлакатда ушбу вирусдан зарарланганларнинг жами сони 556 нафарни ташкил қилмоқда.

Чхондо шаҳрида вирусдан зарарланганлар шифохонага олиб кетилмоқда / AFP

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ким Ган Нип вирус тарқалиши «жиддий даража»га етгани ҳақида маълум қилган. Шу вақтгача Жанубий Кореяда 4 киши вирус юқтириш оқибатида ҳалок бўлди. Ҳукумат қурбонлар сони ортиши мумкинлигидан ташвишда.

Якунланаётган ҳафта бошида ҳам Жанубий Кореяда янги вирус билан хасталанганлар сони 30 кишидан камроқ эди, аммо пайшанба куни уларнинг сони 100 кишига етди, жума куни эса 200 кишидан ошиб кетди. Пойтахт Сеулдан 300 километр масофада жойлашган ва 2,4 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Тэгу шаҳри COVID-19 коронавирусининг бош ўчоғига айланган.

Жанубий Корея коронавируснинг учинчи ўчоғига айланди. Сўнгги маълумотлар

21 февраль куни Жанубий Корея расмийлари коронавирус эпидемияси насронийларнинг «Синчонжи» диний ташкилоти билан боғлиқлигини маълум қилди. Ушбу секта аъзоси ҳисобланган 61 ёшли аёлда касаллик аломатлари 10 февралда пайдо бўлган, аммо у вирус бор-йўқлигини аниқлаб берувчи тестдан ўтишни икки марта рад этган ва бу қарорини хорижга чиқмагани билан изоҳлаган. Аёлда COVID-19’нинг борлиги аниқлангунига қадар, у камида иккита якшанба ибодатида қатнашишга улгурган. У коронавирусни юқтириб олгани тасдиқланган Жанубий Кореядаги 31-одам бўлди, айни вақтда у ушбу вируснинг мамлакатдаги энг машҳур тарқатувчиси ҳамдир. Касаллик унга кимдан юққани ҳозирча маълум эмас. Айни вақтда мамлакатда 9 мингдан ортиқ киши карантинга олинган, уларнинг аксар қисми диний секта аъзоларидир.

Сеул марказидаги Gwanghwamun саройи / AP

Жанубий Корея - коронавирус тарқалиши ҳолатлари кўплиги бўйича Хитойдан кейинги иккинчи ўринда. Хитойда сўнгги маълумотларга кўра вирусдан зарарланганлар сони - 76 936 кишига етган, мамлакат ҳудудида вирусдан 2442 киши вафот этган.