Аламки, унинг чўғини ҳаттоки ўтаётган вақт ҳам сўндиришга ожиз. Тақдирнинг шум ўйинларига кўникишдан ўзга илож йўқлигини бора-бора англайсан…

2019 йил 18 декабрь куни Тошкент метрополитени қурилишида рўй берган бахтсиз ҳодиса ва у ерда ҳалок бўлган ёш йигитлар ҳақидаги хабар қалбларни ларзага солди.

Kun.uz ижодий жамоаси Қашқадарё ва Самарқанд вилоятида яшаган марҳумларнинг хонадонларида бўлди. Йигитларнинг яқинлари, оналари билан суҳбатлашдик… Ушалмаган орзулари, армонларини тингладик.

Қашқадарё вилоятидан бу мудҳиш ҳодиса оқибатида 4 нафар йигит дунёдан кўз юмди. Уларнинг уч нафари Шаҳрисабз туманининг Бешкапа қишлоғида истиқомат қилган. Тақдирни қаранг — Яккабоғда яшаган тўртинчи йигитнинг ҳам қишлоғи номи Бешкапа экан.

Ҳеч ким болам демасин экан. Алпдек ўғлонларидан айрилган муштипар оналарнинг ҳасратини тинглашдек оғир нарса бўлмаса керак…

Дастлаб марҳум Жонибек Равшанов хонадонида бўлдик. Онаси Рисолат Бобомуродова ва яқинлари ҳамсуҳбат бўлишди. Ота бечора оғир бетоб, тўшакка михланиб қолган…

«Беорзу одам эмас эди. Ҳаммани ўзига дўст билиб, катта-кичикка бирдек эди.  Орзулари бир олам эди», — дейди марҳумнинг онаси Рисолат Бобомуродова.

Шу қишлоқлик Ойбек ва Давронбек Абдуллаевлар қариндош экан. Бир кўчада яшашган экан.

Оиладаги яккаю ягона ўғил Ойбек Абдуллаевнинг онаси Ҳаловат Шукурованинг эслашича, ўғли бир ой ишлаб келиб, уйда 18 кун даволаниб, дам олиб 20 октябрь куни яна Тошкентга ишга кетган.

— Яккаю ёлғиз ўғлим, икки қиздан кейин кўрганман. Шундай эсли, ақлли эди болам… Битта бўлса ҳам ўнта ўғилга татийдиган бола эди… оғажон, — деб куюнади Ҳаловат ая.