Президентнинг “Кимё ва биология йўналишида амалга оширилаётган илмий-тадқиқотлар ва инновация ишлари натижадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қуйидагилар белгиланади:

а) кимё илм-фанини янада ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари этиб:

кимё йўналишидаги илмий-тадқиқотлар учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш асосида соҳанинг илмий-инновацион салоҳиятини ошириш, рақобатбардош илмий ҳажмдор маҳсулотлар яратиш учун замонавий инфратузилмалар яратиш;

кимё ва фармацевтика саноати корхоналарида замонавий илмий-таҳлилий асбоб-ускуналарга эга бўлган тажриба-ишлаб чиқариш лабораторияларини ташкил этиш асосида юқори самарадор кимёвий технологияларни тармоқ корхоналарига жорий этиш кўламини кенгайтириш;

глобал иқлим ўзгаришлари шароитларида янги авлод комплекс ўғитлари ва биостимуляторларини яратиш ва қишлоқ хўжалиги экинларининг ўғитлаш нормаларини тубдан қайта тадқиқ қилиш;

органик синтез, биоорганик, коллоид, нанополимерлар ва аналитик кимёсига асосланган тадқиқотларни қайта ташкил қилиш ва бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратиш;

кимё йўналишидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг мавжуд илмий йўналишларини тармоқ корхоналари эҳтиёжлари ва бозор талабларидан келиб чиқиб, тубдан қайта кўриб чиқиш асосида рангли ва ноёб металлар кимёси, силикат материаллар кимёси, нефть кимёси, табиий моддалар кимёси, тиббиёт кимёси каби каби илмий йўналишларга устувор аҳамият қаратиш, нодир металлар ва нанокимё йўналишида инновацион технологияларни яратиш;

жаҳоннинг илғор тажрибаларига мувофиқ янги композит материаллар ва инновацион кимё технологиялари асосида қурилиш материаллари технологияларини яратиш;

жаҳон стандартлари даражасида катта ҳажмли кимёвий маълумотларни таҳлили ва кимёвий бирикмаларнинг молекуляр тузилишини юқори даражада таҳлил қилиш имкониятига эга миллий лабораториялар тармоғини ташкил этиш асосида яқин истиқболда юқори самарадор технологияларни яратилиши ва келгусида илмий ҳажмдор маҳсулотларнинг экспортини кенгайтириш;

кимё йўналишида фан-таълим-ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштиришнинг таъсирчан амалий механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

кимё йўналишида юқори малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш самарадорлигини ошириш, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш;