Ўзбекистон | 18:20 / 28.02.2020
60017
2 дақиқада ўқилади

Ўктам Барноев бош вазирга ўринбосар бўлди

Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ў.И.Барноевни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони имзоланди.

«Ўктам Исоевич Барноев Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқлансин ва шу муносабат билан Бухоро вилояти ҳокими лавозимидан озод этилсин», дейилади фармонда.

27 февраль куни Қонунчилик палатаси депутатлари Ўктам Барноев номзодини бош вазир ўринбосари лавозимига тасдиқлаш масаласини кўриб чиққанди.

Ўктам Барноев муқаддам Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари бўлган, 2008 йилнинг апрелидан 2010 йилнинг декабригача Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритган. У 2016 йилнинг декабридан буён Бухоро вилоятига ҳокимлик қилиб келаётганди.

26 февраль куни президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига биноан ҳукумат ижро этувчи тузилмасида ўзгаришлар рўй берган, ҳужжат билан бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилганди.

Мавзуга оид